7 февраль куни Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган Холмирза Ниёзов 12 февраль куни соат 7:00 га вилоятдаги туман ҳокимлари, бошқарма ва ташкилотлар раҳбарларини йиғилишга чақирди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хатда президентнинг 24 ноябрдаги Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [ПҚ-20-сон] қарори ижроси юзасидан селектор йиғилиши эканлиги қайд этилган.


Фото: Ижтимоий тармоқлар.

Хатда шунингдек, вилоят [ҳокимлиги] студиясидан вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят прокурори, ИИББ ва ДСБ бошлиқлари, Қишлоқ ва сув хўжалиги котибияти кирувчи бошқармалар, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Кадастр агентлиги, ДХА ва бошқалар қатнашиши ёзилган. Туманлар [ҳокимликлари] студиясидан эса 4 та сектор раҳбарлари, туман ҳокимининг ўринбосарлари ва бошқа давлат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этиши қайд этилган.

Мазкур ҳолатга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги муносабат билдириб, Давлат меҳнат инспекцияси жойига чиқиб ўрганганини маълум қилди.

Таъкидланишича, бугун эрталаб ушбу вазиятга аниқлик киритиш мақсадида, вазирлик Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи Қудратулло Одинаев Тошкент вилояти ҳокимлигига борган. «Инспекция ходимлари соат 07:10 атрофида ҳокимият биносига кириб борганда, мажлис ўтказилаётганлигини аниқлашди. Бироқ, йиғилганлар вазирлик вакилларини кўриши билан мажлисдан чиқиб кетишган», ғ дейилади хабарда.

Мазкур ҳолатда МЖтКнинг 49-моддаси 1-қисмида (Меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд эканлиги айтилмоқда. Ушбу моддага кўра, мансабдорнинг меҳнат қонунчилигини бузиши БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача (1 млн 350 минг сўмдан — 2,7 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Меҳнат вазирлиги меҳнат муносабатларига оид мурожаатлар юзасидан Давлат меҳнат инспекциясининг 1176 қисқа рақами, вазирликнинг 71−200−06−00 ишонч телефони ёки www.dmi.mehnat.uz сайти орқали мурожаат қилишни сўраган. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши қўшимча қилинган.