Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов Марҳамат туманида ота-оналар олдида узр сўрашга мажбур қилинган ўқитувчилар билан учрашиш мақсадида Андижонга ташриф буюрди, деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

Вазир ўқитувчилар билан суҳбатлашиб, уларни обрўсизлантиришга ҳеч кимни ҳаққи йўқлигини айтиб, юз берган ҳолатни «устоз шаънини ерга уриш» деб баҳолади.

«Шавкат Мирзиёев ўқитувчиларни улуғлаш масаласини давлат сиёсатининг энг юқори даражасига олиб чиқиб, ўқитувчи жамиятимизнинг энг ҳурматли инсони бўлиши эканлигини доимий равишда таъкидлаб келмоқда. Шундай экан, ўқитувчини ҳафа қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ўқитувчи қадрланмаган юртнинг эртаси бўлмайди», — деди Бахтиёр Саидов.

Таъкидланишича, ўқитувчилар вазият юзасидан ўз фикрларини билдириб ўтган. Вазир эса улар билан маслаҳатлашган ҳолда мазкур ҳолатга йўл қўйган мутасаддиларга албатта чора кўрилиши маълум қилган.

Фото: ХТВ матбуот хизмати.

Аввалроқ, ХТВ ўрганиш ишларини якунлаб, Марҳамат тумани ҳокимлиги ташаббусига асосан ташкил этилган мазкур тадбирга қонуний баҳо бериш учун ҳужжатларни Бош прокуратурага юборганди.

Хронология

4 февраль куни Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги мактаблардан бирининг директори ва ўқитувчилари таълим сифати ва битирувчиларнинг олий ўқув юртларига ўқишга кириш даражаси пастлиги учун ота-оналаридан узр сўрашга мажбур қилинган эди.

Воқеа юзасидан суриштирув ўтказган Kun.uz нашрининг ёзишича, узрхонлик тадриби туман ҳокими Бобуржон Йўлдошевнинг топшириғи билан ташкиллаштирилган. Буни вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ҳам тасдиқлади.

72- ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида бўлиб ўтган йиғилишда 300 нафардан ортиқ ота-онадан ташқари тумандаги бошқа таълим муассасалари вакиллари иштирок этган. Бошқа мактаблар вакилларига узр сўраш мажлиси намуна сифатида кўрсатилиб, уларнинг мактабларида ҳам шундай тадбирлар ўтказилиши айтилган.

Бундай йиғилишлар ўтказилиши бўйича топшириқни туман ҳокими берган. Топшириқ ижросини таъминлаш ҳокимнинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Мухторжон Қурбонов ва туман халқ таълими бўлими мудири Алияхон Абдувоҳидова зиммасига юклатилган. Устозларнинг таъкидлашича, улар қаршилик қилишига қарамасдан сўзга чиқиш ва ота-оналардан узр сўраш қатъиян талаб қилинган.

«Керак бўлса кўзёш тўкишимиз ҳақида ҳам айтишди. Айрим устозлар чидаб тура олмади. Ўттиз йилдан буён ўқувчиларга таълим бераётган устозлар ҳам тик туришга мажбурланди. Ҳаммаси сценарий бўйича бўлди. Қайси сўзни айтишимиз, қачон саҳнага чиқишимиз — ҳаммаси олдиндан режалаштирилган эди», — дейди тадбирда иштирок этган ўқитувчилардан бири.

Бундан ташқари, 3 февраль куни репетиция қилиш ҳам келишиб олинган. Аммо айрим сабабларга кўра тайёргарлик кўриш, сўзга чиққанларнинг маърузаларини тинглаш 4 февраль куни эрталаб амалга оширилган.

Мактаб директори Муқаддамхон Ҳасанованинг таъкидлашича, у дастлаб бу мажлисга қарши чиққан. Бироқ туман ҳокими ўринбосарининг илтимосига биноан ўтказишга рози бўлган.

У мажлисда мактабдаги сўнгги уч йиллик фаолият бўйича ҳисобот берган. Ҳисоботнинг танқидий қисми бошланган пайтда мактаб ўқитувчилари залга олиб кирилган ва қатор қилиб туришлари айтилган. Директор маърузасидан сўнг, олдиндан тайёрланган ўқитувчилар ўз фанини яхши ўқита олмаётгани учун узр сўрашган, деб ёзди Kun.uz.

Бироқ тадбир давомида ўқитувчиларнинг бошини эгиб туришини ҳазм қила олмаган ота-оналар ва ўқитувчиларнинг ўзларидан эътирозлар бўлган.

«Устозни бунақа қилиш керак эмас. Мен ўша куни чидаб тура олмадим. Чиқиб бу ишлари нотўғри эканини айтдим. Аслида улар эмас, биз тик туришимиз, устозлар эса ўтириб бизни томоша қилишлари кераклигини таъкидладим. Беш қўл баробар эмас экан-да», — дея таъкидлади ота-оналар вакили Ҳикматулла Атаханов.

Икки соатдан ортиқ давом этган тадбирда ўқитувчилар бир соат тик оёқда туришган.

«Бир ҳамкасбимиз олти ой оёғи гипсда юриб, яқинда ишга чиққан эди. Уни ҳам тик турғизиб қўйишди. Йиқилиб тушай деди. Жуда кўп ўқитувчилар ўша йиғилишдан кейин шу касбни танлаганидан афсусланганини айтишди», — деди шу мактабда ўқитувчи бўлиб ишловчи, йиғилишда ота-оналар вакили сифатида қатнашган Оминахон Холмирзаева.

Туман ҳокими Бобур Йўлдошев ва унинг ўринбосари эса узр сўраш бўйича топшириқ бўлмаганини айтиб, бу тадбирдан кўзланган мақсад устозлар ва ота-оналар ҳамкорлигини кучайтириш эканига урғу беришдан нарига ўтишмаган.

«Бу топшириқни мен берганман. Лекин узр сўратиш бўйича эмас. У ерда узр сўратилмаган. Тумандаги 45та мактаб директорига сўнгги уч йилликда муассасасидаги ютуқ ва камчиликлар хусусида мурожаат қилиши айтилган. Таълимни ўқитувчи, тарбияни ота-она бериши ҳақида тушунтириш мақсад бўлган», — дея изоҳ берган туман ҳокими.

У ўқитувчилар томонидан айтилган барча иддаоларни рад қилди.

Жамоатчилик муносабати

Иқтисодчи Отабек Бакиров вазиятга изоҳ берар экан, «таълим учинчи синф калласи билан қолган саводсиз ҳокимлар ва уларнинг югурдак шотирлари қўлига топширилса шунақа бўлади», деди.

«Одам боласи бундай қилмайди, чунки одам боласини ўқитувчи ўқитади ва ўқитувчи қанчалар муқаддас эканини одам боласи жуда яхши билади. Юз берган воқеалар жиноят. Шунга яраша чора кўрилиши керак. Балки хаспўшлаб юборишар. Биринчи марта эмас», — деб ёзди у.

Davletovuz блоги муаллифининг фикрича, барча ўрганишлар фақат ва фақат марказдан бўлиши керак ва барча саволлар вилоятни ўз беклигига айлантириб олиб, доимо сувдан қуруқ чиқадиган вилоят раҳбариятига қўйилиши керак.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжоновнинг таъкидлашича, Андижонда ўқитувчилар ота-оналар олдида бош эгиб, узр сўрашга мажбурлангани учун вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг шахсан ўзи барча устозлардан узр сўраши керак.