Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов олий таълим тизимида коррупция ҳолатлари камайганлигини, бироқ ҳозирча тизимни коррупциядан ҳоли дея олмаслигини таъкидлади. Вазирнинг бу масаладаги чиқиши вазирлик матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

«Олий таълимда коррупция бор деган тушунча нафақат жамият ва халқда, балки аксарият раҳбариятда ҳам бор. Лекин мен шу тизимдаги раҳбар сифатида айтаманки, (коррупция — таҳр.) баробарларга камайиб кетди. Минг афсус, энди атрофда фирибгарлар кўпайди. Мана, шу ерга келгунча матбуот хизмати раҳбари менга бешта ҳолат ташлаб берди. Қашқадарёда умуман университетга алоқаси йўқ одам ўқишингни кўчириб бераман, деб 3 мингдан 6 минг долларгача пора олган, водийда пора олган», — деди вазир.

«Энг муҳими, кейинги вақтлар ўқитувчилар эмас, котиба, ёрдамчи, лаборант, талаба бу ишга аралашиб кетяпти. Шунинг учун сиздан илтимос, бу кимгадир бориб тақалмаса, улар бу ишни қилмайди, уларнинг ҳаммасиям фирибгар эмас, ўзингизни йиғиштириб олинг. Энг биринчиси шу, 65 фоиз аҳоли олий таълимга ҳалиям ишонмайди деган сўров натижаларини ўқиганмиз», — деди вазир ва ушбу кўрсаткич нолга тенг бўлиши кераклигини қўшимча қилди.

«Халқ, раҳбарият олий таълимнинг „ювелир“ даражада тоза бўлишини хоҳлайди. Бутун дунёда шунақа, бунақа нарса хаёлига ҳам келмайди одамларнинг. Шунинг учун бунинг тарғиботини қилиш керак, бундан хулоса қилиш керак. Мен қурилиш билан олий таълим коррупциядан ҳоли соҳа деб эълон қилгани уяламан. Бу сиз билан бизга даража эмас, уят бу», — деди Тошқулов.

Шунингдек, олий таълим вазири Жиззахдаги олий таълим муассасаларининг барчасини кўздан кечирганини, уларнинг кўриниши «зўр, обод қилингани, бинолари таъмирлангани, лекин мазмунга бироз эътирози борлигини» таъкидлаган.

«Мен бугун нима қилишимиз кераклиги ҳақида гапирмоқчиман. Ҳурматли ҳамкасблар, ҳамма фаолиятингизни талабанинг атрофига жамланг. Талаба бор — сиз бор, талаба бор — сизни олим сифатида ҳурмат қилади. Маҳаллада қанчалик ўрнимиз бор билмайман, лекин университетни ҳудудига кирганимиздан бошлаб, устоз деб ҳурмат қилишади, бундан завқланамиз, куч оламиз. Президент халқнинг атрофида бўлинг ҳаммангиз, халқнинг корига яранг деяптиларми? Ҳурматли олимлар, талабаларингизни атрофида жамланинг. Уни бўлган-бўлмайдиган комментлар ёзмайдиган, вақтини қадрлайдиган, камида иккита хорижий тилни ўрганадиган қилиб тарбиялаб беринг. Ҳаммасини мустақил бажарса бўлади», — деди у.

Олдинроқ Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ва Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев бошчилигида тузилган ишчи гуруҳ республикадаги ОТМларни 23 та мезон асосида танқидий, таҳлилий ўрганиши ҳақида хабар берган эдик. Комплекс текширув олий таълим муассасаларининг таълим жараёнини тўғри йўлга қўйиш, таълим сифатини ошириш ҳамда илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этишга йўналтирилиши режалаштирилганди.

Сал ўтмай Қашқадарё вилоятидаги текширувлардан сўнг Олий ва ўрта махсус таълим вазири масофавий таълим учун кўплаб махсус платформалар бўлишига қарамасдан, Қашқадарё ОТМларидаги талабалар Telegram орқали ўқитилаётганини танқид қилган эди.