Жиззахда Суриядаги халқаро террорчилик ташкилоти сафига бориб қўшилишни режалаштиргани гумонланган фуқаро қўлга олинди. Бу ДХХ ҳамда ИИБ ходимлари ўтказган тезкор тадбирда маълум бўлган, дея ЎзА хабар бермоқда.

Хабарга кўра, вилоятнинг Пахтакор туманида яшовчи, 21 ёшли фуқаро Х.Б. 2019 — 2021 йиллар мобайнида пул ишлаб топиш мақсадида хорижий давлатларда бўлиб, «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террорчилик ташкилотининг ғоявий таъсирига тушиб қолган.

У Пахтакор туманига қайтиб келиб, ўзи яшайдиган ҳудудда халқаро террорчилик ташкилоти ғояларини 10 нафардан ортиқ тенгқури орасида фаол тарғиб қилиш билан шуғулланганлиги айтилмоқда. Маълум бўлишича, у бу ишни ташкилот ёлловчиларининг махсус топшириғи билан амалга оширган.

«Бу ҳолатлар мутасадди идора ходимлари томонидан аниқланиб, халқаро террорчилик ташкилотлари сафига қўшилишни режалаштирган бир пайтда Жиззах вилоят ИИБ ва ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинди», — дейилади хабарда.

Аввал ҳам Россияга ишлаш учун борган қашқадарёлик фуқаро интернет орқали халқаро террорчи тузилмалар таъсирига тушиб қолиб, Суриядаги жангарилар сафига бориб қўшилишни режалаштиргани айтилганди.

Бундан ташқари, пойтахтда 20 ёшли бир талаба ва 18 ёшли икки мактаб ўқувчиси ҳам диний экстремистик ғоялар таъсирига тушиб, Сурияга кетмоқчи бўлганида қўлга олинганди.