Фарғонада диний экстремистик оқимларнинг ғоявий раҳнамолари бўлган Содиқ Самарқандий, Абу Салоҳ, Абдуллоҳ Зуфарларнинг маърузаларини тинглаганлик ва тарқатганликда гумонланган фуқарога жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Таъкидланишича, 24 ёшли Р.Ш. ўзининг уяли телефонидаги Telegram мессенжерида аккаунт яратиб, у орқали диний мавзуга ихтисослашган каналларга аъзо бўлган.

Сўнгра ушбу каналларда жойлаштирилган Содиқ Самарқандий, Абу Салоҳ, Абдуллоҳ Зуфар ва бошқаларнинг «жиҳод»га чорловчи маърузаларини ҳамда «Туркистон ислом ҳаракати» террористик ташкилотига тегишли аудио-видео материалларни юклаб олгани айтилмоқда. Шунингдек, бу аудиоларни Қўқон шаҳрида яшовчи танишларига ҳам тарқатган.

ДХХ ходимлари ўтказган тезкор тадбирда мазкур шахс қўлга олиниб, унинг мобил телефони процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертиза хулосасига кўра, «Р.Ш.нинг телефон аппарати хотирасида сақланган материаллар ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган бўлиб, уларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланади».

Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида унинг маслакдошларини аниқлаш бўйича ҳам тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Аввалроқ, жиззахлик фуқаро Суриядаги халқаро террорчилик ташкилоти сафига қўшилишни режалаштирганликда гумон қилинаётгани ҳақида ёзгандик. У хориждалигида «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террорчилик ташкилотининг ғоявий таъсирига тушиб қолиб, ватанга қайтгач, ўндан ортиқ тенгқурларига ташкилот ғояларини тарғиб қилгани айтилмоқда. Фуқаро ИИБ ва ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинган.