Соат 17:20да янгиланди. Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг муносабати қўшилди.

Aмериканинг AeroVironment компанияси AҚШнинг ташқи ҳарбий сотуви (FMS) дастури доирасида Ўзбекистонга Puma 3 AE учувчисиз учиш қурилмаларини етказиб беради. Бу ҳақда Shepard Defence Insight сайти хабар бермоқда.

Умумий қиймати 8,54 млн долларлик шартнома бўйича ишлар 2022 йилнинг 30 ноябригача якунланиши режалаштирилган.

АҚШ Мудофаа вазирлиги шартнома бўйича неча дона Puma 3 AE тизимларини етказиб бериш кўзда тутилганини очиқламаган бўлса-да, Shephard Defence Insight бундай ҳарбий дроннинг биттаси тахминан 225 минг доллар туришини таъкидлайди. Бу эса Ўзбекистонга 38 тага яқин учувчисиз учиш қурилмаси етказиб берилишини англатади.

Puma 3 AE ҳарбий ҳаракатлар зонасида бўлинмаларга реал вақтда разведка маълумотларини тўплаш имконини беради. Аппарат қуруқликда ва денгизда қўлланилиши мумкин, уни бир киши олиб юради, қўлдан ишга туширилади.

Дрон қанотининг кенглиги — 9,2 футга тенг (2,8 м), максимал учиш вазни — 15 фунт (6,8 кг). Учувчисиз учиш қурилмаси сув ўтказмайди, сув устига қўна олади, стабиллашган электро-оптик ва инфрақизил камералар тўплами билан жиҳозланган. Парвоз давомийлиги — 2,5 соатга яқин. У куннинг исталган вақтида узлуксиз мониторинг ва юқори аниқликдаги тасвирлар билан таъминлай олади.

Кейинроқ Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ушбу хабарга муносабат билдирди:

«Ҳеч кимга сир эмаски, америкалик учувчисиз учиш аппаратлари ишлаб чиқарувчилари жаҳонда бундай аппарат ишлаб чиқаришда етакчилардан ҳисобланади, шунинг учун ҳам ўзбекистонлик мутахассислар томонидан уларга маълум қизиқиш билдирилмоқда, бироқ бугунги кунга қадар RQ-20 „Puma“ учувчисиз учиш аппаратини сотиб олиш масаласи кўтарилмаган», — дейилади вазирлик хабарида.