Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг бош котиби Ҳелга Шмид март ойида Ўзбекистонга ташриф буюради. Ушбу ташрифга тайёргарлик тафсилотлари 10 феврал куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Камиловнинг ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Пьер фон Aркс билан учрашуви вақтида муҳокама этилди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Бундан ташқари, 3−4 март кунлари Тошкент шаҳрида БМТнинг Марказий Осиёда терроризмга қарши глобал стратегияси биргаликда амалга оширилишининг 10 йиллигига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Тадбир ЕХҲТ ва БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси билан ҳамкорликда ташкиллаштирилмоқда.

ТИВда бўлиб ўтган учрашувда томонлар Ўзбекистон ва ЕХҲТ ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси»да белгиланган лойиҳаларни амалга оширишда ўзаро манфаатдор эканликларини тасдиқлади.