Жаҳон банки гуруҳи ишбилармонлик муҳитини баҳолаш бўйича янги рейтингнинг дастлабки концепциясини тақдим этди, дея хабар қилди Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги матбуот хизмати.

«Бизнес учун қулай муҳит» (Business Enabling Environment, BEE) лойиҳаси Doing Business халқаро рейтингининг вориси бўлиши кутилмоқда. Ушбу ном брендинг таъсири кўриб чиқилгандан сўнг такомиллаштирилади, дея қайд этди Жаҳон банки.

Дастлабки концепция қайдномаларига кўра, BEE 3 жиҳатни баҳолайди:

  • тартибга солиш муҳити, унинг шаффофлиги, аниқлиги, прогноз қилиниши, шунингдек, қўшимча юк (масалан, бизнесни бошлаш қоидалари);
  • давлат хизматлари, муассасалар, инфратузилма ва дастурларнинг мавжудлиги (масалан, тижорат шартномаларига риоя қилиш);
  • муайян вазифаларнинг самарадорлиги (масалан, офисни Интернетга улаш вақти).

Таклиф этилаётган асосий маълумотлар ва BEE ҳисоботи экспертлар иштирокида ишлаб чиқилади, синовдан ўтказилади ва амалга оширилади. Ҳукумат, хусусий сектор ва фуқаролик жамиятидаги потенциал фойдаланувчиларнинг эҳтиёжлари ҳам ҳисобга олинади.

Жаҳон банки ташқи маслаҳатлашувлар орқали респондентларни бизнес ва инвестиция муҳитини баҳолашга янги ёндашув юзасидан фикр билдиришга таклиф қилди.

BEE ҳақидаги батафсил маълумот Жаҳон банки сайтида мавжуд. Концепция муҳокамаси 8 февралдан 8 мартгача давом этади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг сентябрида Жаҳон банки Doing Business ҳисоботини олдинги рейтинглардаги хатоликлар ва манипуляциялар сабабли бутунлай тўхтатган эди.

Жаҳон банкининг Doing Business 2020 йиллик ҳисоботида Ўзбекистон 69-поғонага кўтарилиб, бизнес муҳитни яхшилашда энг катта муваффақиятга эришган 20 та энг яхши давлатлар қаторига кирган эди. 2018 йилнинг июль ойида президент Шавкат Мирзиёев ўз фармони билан мамлакатда тадбиркорлик учун шароитлар яратиш ва шу орқали 2022 йилда ушбу рейтингда энг яхши 20 та давлат қаторига кириш бўйича топшириқ берган эди.