Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Камилов Латвия ташқи ишлар вазири Эдгарс Ринкевичс билан учрашуви якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида журналистларнинг Aфғонистондаги жараён ҳақидаги саволларига жавоб берди.

«Бугун Афғонистонда мутлақо янги воқелик шакллангани ҳақиқат. Албатта, ушбу давлат муваққат ҳукуматини тан олиш ёки тан олмаслик борасида турлича ёндашувлар мавжуд. Ҳукуматни тан олиш масаласи — икки томонлама ҳаракатлар эвазигагина амалга ошиши мумкин. Яъни, олдинга силжиш керак: муваққат ҳукумат ўз ваъдаларини бажариши шарт (ва улар жуда кўп). Булар халқаро ҳамжамият қўяётган деярли ўша шарт ва талаблардир», — деди Абдулазиз Камилов.

Ташқи ишлар вазири халқаро ҳамжамият ҳам Aфғонистонда амалга оширилаётган ҳар қандай ижобий қадам ва ўзгаришларни рағбатлантириши кераклигини таъкидлади. «Бу ҳукумат билан ишлаш, мулоқот қилиш, таъсир ўтказиш, халқаро ҳамжамиятнинг ёндашувлари ва шартлари ҳақида маълумот бериш керак. Шу тариқа қарашларни яқинлаштириш, ўзгаришларни яхши томонга буриш мумкин», — дея фикр билдирди дипломат.

Ўзбекистон энг оғир даврларда ҳам Aфғонистон вакиллари билан алоқаларни тўхтатмагани, бугунга келиб савдо-иқтисодий ҳамкорлик давом эттирилаётгани, жумладан, энергетика ва транспорт коммуникациялари соҳасида ҳам жиддий лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилаётгани қўшимча қилинди.

«Ташқи ишлар вазири тимсолида Латвия томони ҳам, Европа Иттифоқи раҳбарияти, жумладан, Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррел ҳам якдил фикр билдирмоқда, яъни бугунги кундаги асосий вазифа — Aфғонистонда гуманитар ҳалокатнинг олдини олишдир. Вазиятнинг кескинлашиши жамиятда радикаллашув, турли гуруҳлар ўртасида тўқнашувлар, экстремизм кучларининг кучайишига олиб келиши мумкин», — дея таъкидлади Камилов.

ТИВ раҳбари Ўзбекистон ва Латвиянинг Aфғонистон масаласидаги умумий манфаатлари халқаро ҳамжамият манфаатлари билан ҳамоҳанглигини билдирди.

«Бу эса, айни пайтда қанчалик ғайритабиий туюлмасин, Aфғонистон муваққат ҳукумати позициясига ҳам мос келади. Ушбу ҳукумат мамлакатни террорчилардан тозалаш учун кўплаб чораларни амалга оширмоқда. Улар минтақавий ва халқаро иқтисодий ҳамжамиятга интеграциялашиш истагини билдирмоқдалар. Биз ушбу саъй-ҳаракатларни рағбатлантиришимиз ва қўллаб-қувватлашимиз лозим. Шу билан бирга, ўз шартларимизга амал қилиниши, зўравонликка йўл қўймаслик, терроризмнинг бартараф этилиши, Aфғонистон халқи учун муносиб яшаш шарт-шароитлари яратилишини талаб қилишимиз зарур», — дейди Камилов.

У Афғонистондаги гуманитар фалокатнинг олдини олиш борасида Ўзбекистон томонидан ташкилий-техник ёрдам кўрсатилаётгани муҳим омил эканлигини қайд этди. Ўзбекистон раҳбарияти ташаббуси билан чегара ҳудуди инфратузилма имкониятларидан фойдаланган ҳолда Aфғонистонга инсонпарварлик юкларини ташкиллаштирилган равишда етказиб бериш учун Термиз шаҳрида кўп функцияли халқаро транспорт хаби ташкил этилгани айтилди.

Камиловнинг таъкидлашича, Aфғонистон бўйича етарли тажрибага эга бўлган Латвия ўзаро саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш мақсадида Aфғонистон масаласи бўйича Ўзбекистон билан мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказиш истагини билдирган.

Олдинроқ Ўзбекистон раҳбарияти халқаро ҳамжамиятни бир неча маротаба Афғонистонга нисбатан қўйилган санкцияларни бекор қилишга (1, 2), мамлакатнинг хориж банкларида музлатилган активларини қайтаришга чақирган эди.