Хоразм вилояти Янгибозор тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази собиқ директори М.Ж. 5 йилга қамалди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Хоразм вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими хабар берди.

Таъкидланишича, унга нисбатан ЖКнинг 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан қўзғатилган иш Жиноят ишлари бўйича Янгибозор туман судида кўриб чиқилган.

Суд ҳужжатларига мувофиқ, 1973 йилда Урганч туманида туғилган М.Ж. хизмат вазифаси давомида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг [7−2020/Б-сон] буйруғи билан тасдиқланган низомга асосан аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига субсидия ажратиш ваколати берилганидан фойдаланган.

2021 йил 19 февраль куни «RO`ZMAT BOZOR BOBO» ишлаб чиқариш кооперативи раҳбари Э.Р. марказга 67 нафар кооператив аъзосига субсидия ажратиб беришни сўраб марказга мурожаат қилган. «Мансабдор уни пора беришга мажбур этадиган шароитга қасддан тушириб, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан жами 122 млн 496 минг 100 сўмлик субсидия ажратилиши эвазига ундан 1000 АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилган», — дейилади хабарда.

Кооператив раҳбари Э.Р. маркази директорига бунча пули йўқлигини билдирган. Шундан сўнг, М.Ж. субсидия ажратилгач Э.Р. дан мазкур пуллардан банк орқали 10 млн сўмни нақдлаштириб олиб келиш талабини қўйган.

Суд маълумотига кўра, 2021 йил 15 июнь куни соат тахминан 11:30 ларда марказ раҳбари ўзининг хизмат хонасида Э.Р. дан 10 млн сўм пул маблағини пора тариқасида олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланган.

ЖИБ Янгибозор туман суди иш ҳужжати билан танишиб, тарафлар фикрини ва гувоҳлар кўрсатмасини эшитиб, суд ҳукмини эълон қилди.

Судланувчи М.Ж.га Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди (тамагирлик йўли билан пора олиш) билан айбли деб топилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Қолаверса, ЖКнинг 45-моддаси қўлланиб, у 2 йил муддатга давлат ва давлат иштирокидаги корхона, муассаса ва ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилди.