Бутун дунёда Хавфсиз интернет куни нишонланувчи 8 февраль кунида ЮНИCЕФ ва Ички ишлар Вазирлигининг Киберхавфсизлик маркази болаларни онлайн зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида ҳамкорликни бошлади, деб хабар берди «Газета.uz»га ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати.

«Интернетдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва ахборот олишдаги тенгсизликни қисқартитиш барча болалар ва ёшлар муваффақиятга эришишлари учун зарур бўлган билим ва кўникмаларни егаллашлари учун жуда муҳимдир. Aфсуски, барча афзалликларига қарамай, Интернет онлайн суиистеъмол, эксплуатация ва нотўғри маълумотларни тарқатиш билан ҳам боғлиқ. Шу боис ҳам онлайн, ҳам реал ҳаётда зўравонликка қарши курашнинг энг яхши йўли бу масалаларни ҳал қилишда тизимли ёндашувдир», — деди ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.

«Болаларга нисбатан зўравонлик масаласини ҳал этиш учун ота-оналарнинг билим ва кўникмаларини яхшилас, болаларнинг хабардорлигини оширишни, ижтимоий хизматлар ва болаларни ҳимоя қилиш соҳасидаги кадрлар салоҳиятини такомиллаштириш ҳамда кучли қонунчиликни ҳамда институционал базани, жумладан маълумотларни тўплаш ва бошқариш тизимини талаб қилади», — дея таъкидлади ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари.

«Ҳозирги глобаллашув асрида ёшларнинг дунёқараши кун сайин ўзгариб бормоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири уларнинг замонавий ахборот коммуникацияларидан фаол фойдаланиши, дунёда рўй бераётган янгиликлар, воқеа-ҳодисалардан тез хабардор бўлиши билан ҳам изоҳланади. Шу нуқтаи назардан, аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этувчи мамлакатимизда уларга нисбатан кибертаҳдидларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш муҳим аҳамият касб этади», — деди Ички ишлар вазирлиги Киберхафсизлик маркази бошлиғи Бехзод Мамаджанов.

Интернетда ва реал ҳаётда болаларга нисбатан зўравонликка қарши кураш бўйича келгусидаги қадамлар сифатида иштирокчилар идоралараро ҳамкорликни яхшилаш, фуқаролик жамияти ташкилотларининг фаол иштирокинини, ота-оналар ва мутахассисларнинг болаларни қўллаб-қувватлаш ва онлайн таҳдидлардан ҳимоя қилиш бўйича хабардорлигини оширишни тавсия қилдилар.

ЮНИСЕФ ва Киберхавфсизлик маркази Хавфсиз интернет миллий марказини ташкил этишни режалаштирмоқда, дея хабар берди жамғарма офиси «Газета.uz»га. Ушбу онлайн-платформада интернетдаги зўравонликдан ҳимояланиш ҳақида маълумотлар эълон қилинади. Платформа қошида 24 соат давомида болалар ва ота-оналарга маслаҳат ёки кўмак бера оладиган оператор фаолият юритади. Бундан ташқари, интернетда учрайдиган болаларга хатарлар тўғрисида Telegram-бот орқали хабар жўнатиш имконияти пайдо бўлади.

ЮНИСЕФнинг таъкидлашича, жаҳон миқёсидаги маълумотларга кўра, интернет фойдаланувчиларининг учдан бир қисмини 18 ёшгача бўлган болалар ташкил этади ва ҳар ярим сонияда бир бола биринчи маротаба интернет тизимига киради. Бироқ бу имкониятлар болалар учун турли шакллардаги жиддий хавф ва таҳдид билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Кибер қўрқитиш, кибер таъқиб қилиш, кибергруминг, яъни ёмон ниятда болалар билан дўстона муносабатларни ўрнатиш шулар жумласига киради.