Анъанавий таълим бошлангандан сўнг ҳудудлардан 36 738 нафар талаба Тошкент шаҳрига етиб келган. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабар бермоқда.

Етиб келганларнинг:

  • 10 032 нафари (26,6%) олий таълим муассасаларидаги талабалар турар жойларига;
  • 18 204 нафари (48,3%) ижара хонадонларига;
  • 8 502 нафари (21,3%) яқин қариндошлариникига жойлашган.

Вазирлик талабаларнинг жойлашишини тўлиқ назоратга олгани, бунда талабалар турар жойларида 24 соатлик навбатчилик ташкил этилганини маълум қилди.

Келтирилишича, талабаларга доимий яшаш жойидан таълим муассасаларига исталган вақтда етиб келишларини мувофиқлаштириш учун ТТЖларда жадвал асосида тьюторлар 24 соатлик навбатчилик қилмоқда.

«Бундан ташқари, ижарага уй топишга қийналаётган талабалар муаммоларини бартараф қилиш учун маҳалла раислари ва ИИБ профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда», дейилади хабарда.