Банкларнинг жисмоний шахслар учун мўлжалланган молиявий хизматларини ўз ичига олган ахборот портали ишга туширилди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.

Тижорат банкларининг хизматларидан фойдаланишда жисмоний шахслар ўзларига мақбул ва фойдали молиявий хизматни танлаш учун қулайликлар яратиш мақсадида www.bankxizmatlari.uz ахборот портали ишга туширилди.

Ушбу портал фойдаланувчилари тижорат банклари томонидан жисмоний шахслар учун таклиф этилаётган молиявий хизматлар, жумладан кредитлар, омонатлар, валюталарни айирбошлаш, халқаро пул ўтказмалари ва бошқа хизматларни излаши, улар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишлари мумкин.

Бундан ташқари, молиявий хизматларни ўзаро таққослаш ҳамда дастлабки ҳисоб-китобларни амалга ошириш имконини беради.


Ушбу ахборот портали нотижорат ва ижтимоий лойиҳа бўлиб, қуйидагиларга хизмат қилади:

  • тижорат банклари молиявий хизматларининг ягона маълумотлар базасини шакллантириш;
  • кунлик энг яхши таклифлар билан танишиш;
  • танланган шартларга мос, қулай молиявий хизматлар тўпламига эга бўлиш;
  • ️истеъмолчининг вақтини тежаш;
  • ️молиявий хизматлар оммабоплигини ва аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш.

Ахборот портали тест режимида ишга туширилган бўлиб, келгусида фойдаланувчилардан келиб тушадиган таклифлар ва эътирозлар асосида янада такомиллаштирилиб борилиши маълум қилинди. Веб-сайт ҳозирги кунда тест режимида ишламоқда.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин ҳукумат қарори билан 1 июлдан аҳоли йўллардаги носозликлар, светофор ва йўл белгилари ўрнатилмагани ҳақида фото ва видеомурожаатларни «Shaffof yo’l» платформаси орқали хабар бериши мумкин. Ички йўлларни таъмирлашга оид таклифлар овоз бериш йўли билан танлаб олинади. Ғолиб таклифлар бўйича йўлларни таъмирлашга ҳар йили маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилади.