Янги Ўзбекистоннинг 2022−2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида 2022 йилда гидроэнергетика соҳасида 7 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хабарда таъкидланишича, янги лойиҳаларнинг умумий қуввати 173 МВтни ташкил этади.

Хусусан, 2022 йилда қуйидаги лойиҳалар амалга оширилиши белгиланган:

  • Самарқанд вилоятида 3 та янги гидроэлектр станциялар қурилади.
  • Сурхондарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятларидаги мавжуд 4 та гидроэлектр станция модернизация қилинади.

«Бунинг натижасида 173 МВт янги қувватлар яратилиб, юртимизда гидроэлектр станцияларининг умумий қуввати 2 225 МВтга етказилади», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, илгарироқ Ўзбекистонда 2026 йилгача 740 МВтлик 21 та йирик ГЭС қуриш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Шундан 150 МВтлик 12 та лойиҳани 2023−2024 йилларда ва 420 МВтлик 2 та лойиҳани 2025−2026 йилларда амалга ошириш кўзда тутилмоқда.