«Лукашенконинг Ўзбекистон ҳақидаги фантазияларини жиддий қабул қилиш шарт эмас» — сиёсатчилар ва жамоатчилик фаоллари

Александр Лукашенконинг Ўзбекистон Иттифоқ давлатига қўшилиши мумкинлиги бўйича фикрига ўзбекистонлик сиёсатчилар ва жамоатчилик фаоллари муносабат билдирди. «Юксалиш» ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов бу «фантазияларни жиддий қабул қилмасликни» таъкидлаган. Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев Лукашенко ва Соловьёвни «ўтган-кетганни муҳокама қиладиган, ҳамманинг шахсий ҳаётига бурнини тиқадиган кампирларга» ўхшатган. Адлия вазири маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова Ташқи ишлар вазирлигидан бу баёнотга муносабат билдиришини сўраган.

«Кенгаш раиси ҳокимдан кучли бўлиши керак». Боёвут тумани ҳокими кенгаш раислигини депутатларга топширди

Сирдарё вилоятининг Боёвут тумани ва Ширин шаҳрида тажриба тариқасида ҳокимнинг халқ депутатлари кенгаши раиси мақоми бекор қилинмоқда. «30 та депутат ичидан кенгаш раиси сайланади. У мени бошқарадида энди… Бир умрлик орзуйим шу», — деди Боёвут ҳокими Дилфуза Уралова. Унинг сўзларига кўра, доимий ишловчи депутат ва сенаторлар фаолият йўлга қўйилади, уларга ойлик маош тўланади. Энди ҳоким ўзига эмас, балки кенгаш олдида ҳисобот беради.

Президентни ҳақорат қилган блогер 3 йилга қамалди

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ҳамда амалдаги президент Шавкат Мирзиёевни ҳақорат қилишда айбланган блогер, Собиржон Бобониёзов 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди. У Telegram`даги гуруҳлардан бирида давлат раҳбарларини ҳақоратловчи видео эълон қилганлиги айтилди. Блогер ушбу ҳаракатларини маст ҳолатда такроран содир этган.

«Қашқадарё ҳокимлиги ва ИИБ қонунни бузган». Антимонополия қўмитаси Қашқадарёдаги чигит иши ҳақида

Антимонополия қўмитаси самарқандлик тадбиркор 100 тонна чигит маҳсулотини Қашқадарёдан олиб чиқиб кета олмаган ҳолатни ўрганиб, ўз муносабатини билдирди. Таъкидланишича, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва вилоят ИИБ томонидан «Рақобат тўғрисида» ги қонуннинг 12-моддаси талаблари бузилган. Қўмита тадбиркор зарар кўрган ҳолатда вилоят ҳокимлиги ва ИИБ устидан судга мурожаат қилиши мумкинлигини эслатиб ўтди.

Марказий банк сўм рамзини яратиш бўйича танлов эълон қилди

Марказий банк Ўзбекистон миллий валютаси — сўм рамзини яратиш бўйича танлов эълон қилди. Танловда миллий валютанинг халқаро миқёсда ўзига хослиги ва халқнинг маданий қадриятларини ифодаловчи энг яхши график ишлар аниқланади. Ғоялар 31 мартга қадар қабул қилинади.

Талъат Валиев Хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари бўлди

Талъат Валиев Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари этиб тайинланди. Аввалроқ, Бабур Шаякубов Хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосарлигидан озод қилинганди.

Халқаро пресс-клубга янги раис сайланди

Жалолиддин Усмонов Халқаро пресс-клубнинг янги раиси этиб сайланди. Бунгача пресс клуб раиси бўлган Шерзодхон Қудратхўжа эса Фирдавс Абдуҳолиқовнинг ўрнига ЎзЭОАВМА бошқарув раиси этиб тайинланганди.

2021 йилда 2,7 мингдан ортиқ фуқаронинг банк картасидан пул ўғирланган

2021 йилда 2700 дан ортиқ фуқаро банк карталаридан пул ўғирланганлиги бўйича ички ишлар органларига мурожаат қилган. Сўнгги пайтларда банк карталаридан пул ўғирлаш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. ИИВ фуқаролардан банк карталари маълумотларини ва тасдиқлаш кодларини ҳеч кимга бермасликни сўради.

«Қарорларда ёзилган ҳамма нарсани бериб бўлмасди». Русланбек Давлетов — махсус комиссияси қарорлари нимага эълон қилинмаслиги ҳақида

Адлия вазири Русланбек Давлетов Республика махсус комиссиясининг фаолияти қонун билан тартибга солинганини айтди. Қолаверса, унинг қарорлари нима сабабдан эълон қилинмаслигига изоҳ берди. «Комиссия қарорларида ёзилган ҳамма нарсани бериб бўлмасди. Энг асосийси комиссиядаги қоидалар вақтида етказиб турилди», — деди у. Блогер Отабек Бакиров эса «махсус комиссия тугатилиши ва қонунчиликка қайтилиши» кераклигини айтмоқда.

«Юнусободдаги дарахтлар кесилмайди, тамом» — Адлия вазири

Адлия вазири уч марта суиқасд уюштирилган Юнусободдаги дарахтлар муаммоси юзасидан фикр билдириб, мораторийга барча амал қилиши шартлигини айтди. «Юнусободдаги дарахтлар кесилмайди, тамом… Сиз уни қайси мақсадда олган бўлсангиз ҳам тегина олмайсиз. Тегсангиз сиз жиноят қилган бўласиз», — деди Русланбек Давлетов. Бунга Давлат экология қўмитаси масъуллиги, қолаверса, прокуратура органлари ҳам назорат ўрнатиши лозимлиги қўшимча қилинди.

Банк хизматлари ҳақида ахборот берувчи портал ишга туширилди

Марказий банк тижорат банкларининг молиявий хизматлари ҳақида ахборот берувчи www.bankxizmatlari.uz порталини ишга туширди. Веб-сайт орқали жисмоний шахслар ўзлари учун таклиф этилаётган кредитлар, омонатлар, валюталарни айирбошлаш, халқаро пул ўтказмалари ва бошқа хизматларни излаши, улар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишлари мумкин.

Энергия ресурсларни ўзбек-қозоқ божхонасидан олиб ўтишни назорат қилишга оид битим тасдиқланиши мумкин

2021 йил 6 декабрь куни Нур-Султонда имзоланган Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари ўртасида энергия ресурсларини божхона чегарасидан қувур транспортида ва электр узатиш линиялари орқали олиб ўтишни биргаликда божхона назоратидан ўтказиш тўғрисидаги битимни тасдиқлаш кутилмоқда. Тегишли президент қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

ЮНИСЕФ ва ИИВ Киберхавфсизлик маркази болаларни интернетдаги зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича ҳамкорликни бошлади

ЮНИСЕФ ва Киберхавфсизлик маркази Хавфсиз интернет миллий марказини ташкил этишни режалаштирмоқда. Ушбу онлайн-платформада интернетдаги зўравонликдан ҳимояланиш ҳақида маълумотлар эълон қилинади, болалар ва ота-оналарга маслаҳат ёки кўмак бера оладиган оператор фаолият юритади.

Юқоричирчиқ туманлараро суди судьяси пора олганликда гумонланмоқда (тўлдирилди)

Фуқаролик ишлари бўйича Юқоричирчиқ туманлараро суди судьяси пора олганликда гумонланмоқда. У шериги билан ер билан боғлиқ низони ижобий ҳал қилиш учун 3 минг доллар олган вақтида қўлга олинган. Судьялар олий кенгаши уни жавобгарликка тортишга розилик берди.

«Тошкентшаҳаргаз»нинг собиқ ходими фирибгарликда гумонланиб, қўлга олинди

«Тошкентшаҳаргаз» корхонасининг собиқ ходими оилавий корхонани газ тармоғига улаш учун ҳужжатларни тайёрлаб бериш эвазига 16,5 миллион сўм олаётган вақтида қўлга олинди.

2022 йилда Самарқанд вилоятида 3 та янги ГЭС қурилади

2022 йилда ишга туширилиши режалаштирилаётган гидроэнергетика лойиҳаларининг умумий қуввати 173 МВтни ташкил этиши кутилмоқда. Хусусан, Самарқанд вилоятида 3 та янги ГЭС қурилади, республикадаги яна 4 та ГЭС модернизация қилинади.

Ички ишлар органларида коррупциявий жиноятлар икки баравар кўпайган

2021 йилда ички ишлар органларининг 89 нафар ходими 119 та коррупциявий жиноят содир этган. Бу 2020 йилга нисбатан 2 баробарга кўп. Уларнинг аксарияти ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш ва пора «олди-берди"си билан боғлиқ.

36,7 минг нафар талаба ҳудудлардан Тошкент шаҳрига етиб келган

7 февралдан анъанавий таълим босқичма-босқич бошлангач, ҳудудлардан пойтахтга 36 738 нафар талаба етиб келди. Уларнинг қарийб ярми ижара уйларига, 27 фоизи талабалар ётоқхонасига, 23 фоизи эса яқин қариндошлариникига жойлашган.

Чор-Бакр маданий мероси ҳудудидаги ерлар ноқонуний тарзда аукционга қўйилди

Бухоро вилоятида XVI-XX асрларда бунёд этилган Чор-Бакр ёдгорлик мажмуасининг муҳофаза теграларидаги ер участкалари ижара ва мулк ҳуқуқи асосида аукционга қўйилгани аниқланди. Ушбу мажмуа ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритиш учун номзод сифатида кўрсатилган.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

Шакар заводлари бизга керакми?

Протекционизм ҳар доим таъкидланганидек, ёмон ва зарарли қарор. Унинг қанчалар зарарли эканлигини 2020−2021 йилги шакар бозоридаги тенденциялардан ҳам кўриш мумкин. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш истеъмолчиларнинг камбағаллашишига олиб келиши ҳақида — «Газета.uz» колумнисти Миркомил Холбоев мақоласида.