2021 йилда 2700 дан ортиқ фуқаролар банк карталаридан пул ўғирланганлиги ҳақида ички ишлар органларига мурожаат қилган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

ИИВ матбуот котиби бу ҳолатлар фақатгина ички ишлар органларига келиб тушган мурожаатлар эканлигини таъкидлади.

ИИВ матбуот хизмати шу сабабли фуқароларни огоҳ бўлишга чақирди. Шунингдек, банк картаси маълумотларини ва тасдиқлаш кодларини ҳеч кимга бермасликларини сўради. Тасдиқлаш кодларини фақатгина фирибгарлар фуқаролардан сўраши таъкидлаб ўтилди.

Банк картасидан пул ўғирлаш ҳолатлари кўп учрамоқда

Olx.uz компанияси вакилининг «Газета.uz»га маълум қилишича, пластик карталардан пул ечиб олинишига доир ҳолатлар бўйича компанияга 2021 йилнинг охирги уч ойида 927 та мурожаат келиб тушган.

2020 йилда ҳам банк карталаридан пул ечиб олиш ҳолатлари бўйича муаммолар кам бўлмаган. Жумладан, Kun.uz сайтининг ушбу ҳолатлар бўйича мақоласида 2020 йилнинг 6 ойи давомида Ўзбекистонда фирибгарлик жиноятлари сони бир йил олдингига қараганда икки баробарга кўпайиб, 3881 тани ташкил этгани ҳақида сўз юритилган эди.

ИИВнинг «Газета.uz»га тақдим этган маълумотларига кўра, 2021 йилнинг 11 ойи давомида республика бўйича банк карталаридан пул маблағларининг ўғирланиши ва фирибгарлик йўли билан эгаллаб олиниши бўйича жиноятлар умумий сони 2024 тани ташкил этган. Шундан, 1485 таси банк карталаридан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик (ЖКнинг 168-моддаси) жиноятларини ва 539 таси банк карталарида содир этилган ўғрилик жиноятлари экани баён этилган.

Мазкур йўналишда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти ва унинг қуйи бўлинмалари томонидан 2021 йилнинг январь-ноябрь ойларида жами 1245 та жиноят ишлари бўйича дастлабки тергов ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилган. Натижада уларнинг 812 таси тамомланиб, айблов хулосаси ҳамда айблов далолатномаси билан тегишли судлов органларига юборилган. 73 таси Жиноят-процессуал кодексининг (ЖПК) 83, 84-моддалари тартибида тугатилган, 159 таси ЖПКнинг 364-моддасининг тегишли бандларига асосан тўхтатилган, 9 таси тегишли органларга юборилган, 192 таси эса қолдиқда қолган.

Марказий банк томонидан жорий йилнинг 7 февраль куни юқоридаги ҳолатлар бўйича аҳолининг молиявий хавфсизликни таъминлаш бўйича маданиятини ошириш мақсадида «Молиявий хатолар» номли қўшиқ ва видеоклип эълон қилинди.

Маълумот учун, 2021 йилнинг 1 декабрь ҳолатига кўра республика бўйича масофавий банк хизматларидан фойдаланувчилар сони 20 млн нафардан ошди. Муомаладаги банк карталари сони 26,5 млндан зиёдни ташкил этди.