Душанба куни адлия вазири Русланбек Давлетов журналист ва жамоатчилик вакиллари билан учрашув вақтида давлат орган ва ташкилотларида иш режими тўғри йўлга қўйилмаганини танқид остига олди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар берди.

«Кўп ишлаш муаммоси жуда кўп жамиятларда бор. Масалан, Кореяда кўп ишлаб раҳбарларни олдида ўзини кўрсатиш субмаданияти, муҳити шаклланган. Қолма, кет дейди, лекин шунда ҳам кетмайди-да. Ўзимни садоқатимни исботлаш учун ўтиришим керак дейди. Бизда унақамас. Кет десангиз, дарров кетишга тайёр», — деди у.

Вазир сўзи давомида ўз тизимидаги меҳнат қонунчилигига амалга қилишни мисол қилиб кўрсатди.

«Адлия вазирлигида (хизмат) компьютерларни иш якунида автоматик равишда ўчиртирилмоқда. Ушбу амалиёт ходимларнинг ишдан ташқари вақтда ишхонада қолмаслиги учун татбиқ этилмоқда. Шунда ҳам илтимос қилишади-да, ўзимиз ишламоқчимиз, янгиликлар қилмоқчимиз, дейишади. Мен рухсат бераман. Лекин, қонун ишламаса бефойда», — деди Русланбек Давлетов.

Вазирнинг сўзларига кўра, кўп ишлаш — тизимдаги жуда катта муаммога айланган, қуйи ва ўрта бўғинларда ходимларнинг иш соатлари тўғри йўлга қўйилмагани эса давлат хизматининг жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. «Шунинг учун ҳам аққлли одамлар келмаяпти давлат хизматига, жуда камдан кам ҳолатда (келишади)», — дея қўшимча қилди у.

Шу ўринда вазир унинг сўзларини «контекстдан юлиб олиб», тарғиб қимасликни сўради.

Қолаверса, ҳуқуқшунос меҳнат қонунчилигига риоя қилмаётган ҳокимларни танқид қилди.

«Маъмурий ислоҳотлар бўйича таклиф сўраганда, айрим ҳокимлар бизни танқид қилиб, бу адлия тизимидагилар фақат 8 соат ишлайди, бошқа иш қилмайди, дейди. Кўраяпсизларми, 8 соат ишлаши керак, ўзи қонун бўйича. Айрим раҳбарларни қадриятлари қандай? Конституцияда ёзилган меҳнат ҳуқуқи бўлса, Меҳнат кодексида ёзилган нормалар бўлса, 8 соат ишлашни танқид сифатида мажлисларда гапириш қанақа қолоқликдан иборат бўлган ҳодиса. Бугунги (кунда) бўлаётган жуда ёмон ҳолатларнинг кўриниши бу», — деди Русланбек Давлетов.

«Ҳар доим айтамиз, ҳудудлардаги ёки соҳадаги раҳбарлар ўзини шу соҳа ёки ҳудудини беги эмас, балки ўзи халқнинг ёлланма ишчиси эканини тан олса, умуман қадамлари ўзгаради. Яъни у ёлланма ишчи, биз ҳам ёлланма ишчимиз», — деди у.

Вазир сўзи якунида «қонундан ҳеч ким устун бўлолмаслигини» қўшимча қилди.