Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев тадбиркорларга мурожаат қилиб, уларни пойтахтдан фақат қонуний йўл билан, электрон онлайн-аукцион орқали ер сотиб олишга чақирди.

Ҳоким 2021 йил июнь ойида тадбиркорлик субъектлари қуриш учун ер участкаларини фақат электрон онлайн-аукцион орқали бериш тартибини белгиловчи президент қарори имзоланганини эслатиб ўтди. Шунингдек, туман (шаҳар) ҳокимларининг тўғридан-тўғри ер майдони ажратиш бўйича қарор қабул қилиш ваколати ҳам бекор қилинган.

«Шунга қарамасдан, жойларда ҳанузгача ер майдонларини тўғридан-тўғри ажратиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, ноқонуний қурилмаларни қуриш, енгил қурилмаларни ўрнатиш, автобус бекатлари ўрнида ҳеч бир рухсатсиз савдо дўконларини қуриш каби салбий ҳолатлар кўплаб учрамоқда», — дейилади мурожаатда.

«Айниқса, бундай қурилмаларнинг аҳоли яшаш массивлари ичида, йўлнинг ҳимоя ҳудудларида, катта босим остида бўлган сув, газ қувурлари ўтказилган ҳимоя ҳудудларида барпо этилиши ҳолатлари аҳоли тинчлиги ва хавфсизлигига, ташқи муҳандислик тармоқларини қисқа муддатларда таъмирлашга салбий таъсир қилмоқда», — дея қайд этилди мурожаатда.

«Сўнгги вақтларда ўзининг танишлари орқали ер олиб беришни ваъда қилаётган ёки турли сохта „қарорларни“ кўрсатиб, кадастр ҳужжатини кейин ҳал қилиб беришга ишонтириб, ер сотиб олишни таклиф этаётган шахслар кўпайиб кетди. Уларга ишонманг», — дея таъкидлади Тошкент шаҳар ҳокими.

«Тадбиркор мулкини бузиш, унга зарар етказиш бизнинг мақсадимиз эмас. Аммо амалдаги қонунчиликка мувофиқ ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерда қурилган бино ва иншоотларнинг мулк ҳуқуқи эътироф этилмайди. Аксинча, ушбу ерни давлат захирасига қайтариш учун қурилган бинолар ҳеч қандай компенсация тўланмасдан бузилади ҳамда айбдор шахслар жазога тортилади», — деди у.

Бунда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини давлатга қайтариш, Ер кодексига мувофиқ, ҳокимларнинг қарорига ёки суднинг ҳал қилув қарорига кўра амалга оширилади, дея эслатди Тошкент шаҳар ҳокими. «Турли қонунга ҳилоф йўллар ва ҳужжатларсиз олинган ерлар ноқонуний бўлиб, айбдор шахсларга нисбатан жазо муқаррар ҳисобланади», — дея қўшимча қилди у.

«Пойтахтимиз аҳолиси ва депутатларимиздан ҳам ўзлари яшаётган ҳудудларда ноқонуний равишда ўрнатилаётган енгил қурилма дўконлар, фаст-фуд шохобчалари ва автобус бекатлари ўрнида қурилаётган дўконлар ҳақида ўз вақтида ваколатли идораларга хабар беришларини, атрофдаги воқеликларга бефарқ бўлмасликларини илтимос қилардим», — дея таъкидлади пойтахт ҳокими.

«Тадбиркорлик билан шуғулланар экансиз, ўз маблағингизни эҳтиёт қилиб, ер олиш учун аукционда иштирок этиб, ернинг қонуний эгаси бўлинг. Ноқонуний ҳаракатларга аралашиб маблағингизга куйиб қолманг, алданманг, сармоянгизни тўғри сарфланг!» — дея хулоса қилди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Шунингдек, у тадбиркорлардан бизнес учун ер участкаси сотиб олишдан олдин ваколатли органларнинг мутахассислари, малакали ҳуқуқшунослар ва адвокатлардан маслаҳат олишини сўради.