Талабалар учун контракт тўловлари муддати 1 мартга қадар узайтирилди

ОТМ талабалари ва профессионал таълим муассасалари ўқувчиларининг 1 семестр ўқиши учун контракт миқдорини тўлашнинг сўнгги муддати 2022 йилнинг 1 марти этиб белгиланди.

Давлат «Қизилқумцемент»ни бозор нархидан арзонроққа сотган. Инвестор келишувнинг шаффоф бўлмаганини айтди

Яқинда Кипрнинг United Cement Group компанияси «Қизилқумцемент»даги давлат улушини 1,89 трлн сўмга (қарийб 175 млн долларга) сотиб олиб, Ўзбекистондаги цемент заводлари сонини 3 тага етказди. Fusion Wealth Management менежери Майкл МакГофи ҳукумат активни бозор қийматидан 20 фоизга арзонроққа сотиб, «хусусийлаштириш дастурини шубҳа остига қўйгани»ни таъкидлади. У келишувни шаффоф эмас деб атади ва кўпроқ таклиф қилишга тайёр ўйинчилар борлигини маълум қилди.

Россия Ўзбекистон ва Қозоғистонга «рақамли дипломатлар»ни юборади

2022 йилдан бошлаб Россиянинг IT-маҳсулотларини тарғиб қилувчи «рақамли дипломатлар» мамлакатнинг Ўзбекистон, Қозоғистон ва яна 14 давлатдаги савдо ваколатхоналарида ўз фаолиятини бошлайди. Шунингдек, ушбу дипломатлар Россиянинг IT-компанияларига консалтинг ва ҳуқуқий ёрдам хизматларини кўрсатадилар.

Тадбиркор мулкини бузиш, унга зарар етказиш бизнинг мақсадимиз эмас — Тошкент шаҳар ҳокими

Жаҳонгир Ортиқхўжаев тадбиркорларни пойтахтдан фақат қонуний йўл билан, онлайн-аукцион орқали ер сотиб олишга чақириб, ер олишга ёрдам берамиз деганларга ишонмасликни сўради. «Ўз маблағингизни эҳтиёт қилинг, ернинг қонуний эгаси бўлинг», — деди ҳоким. У аҳоли яшаш массивларида рухсатсиз иншоотлар қуриш «аҳоли тинчлиги ва хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмоқда», дея қўшимча қилди.

Ахборотни блоклаш техник жиҳатдан жуда қийин масала. Бу самара бермайди — адлия вазири TikTok ҳақида

Адлия вазири Русланбек Давлетов TikTok`ни блоклаш ҳақидаги таклифларга муносабат билдириб, ахборотнинг эркин тарқалиши тарафдори эканини, TikTok`ни блоклаш техник жиҳатдан жуда қийин масала эканини айтди. «TikTok`дан бошқа жойда ёмон контент йўқми, интернетга кирсангиз, бошқа бўлмағур сайтлар йўқми?», деган вазир.

«Мен энди бориб дўппосламайман-ку». Русланбек Давлетов — Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳақида

Адлия вазири президент фармони билан ҳокимларнинг ер ажратишига тақиқ қўйилган даврда Тошкент вилоятида 781 гектар ер тадбиркорга вақтинча бириктириб берилганини маълум қилганди. Вилоят ҳокимлиги эса бунга муносабат билдириб, ер ажратиш қонуний бўлганини айтди. Журналистнинг ҳокимлик вазирни нотўғри гапирганликда айблагани ҳақидаги саволига жавоб берар экан, Русланбек Давлетов шундай деди: «Мен энди бориб дўппосламайман-ку. Гапираверсин, шунинг учун ҳам судда гаплашамиз».

«Ўзининг диний ўлчовлари, уйидаги қарашлари билан жамиятга ўлчов қўйишга йўл қўймаймиз, қонун бор» — Адлия вазири

Адлия вазири Русланбек Давлетов диний ташкилотларнинг айрим вакиллари кимларгадир ҳукм ўқиши ҳуқуқий нуқтаи назардан нотўғрилигини қайд этиб, бу жамиятда бўлинишга олиб келаётганлигини, диний ташкилотлар бундай ихтилоф қилишга ҳаққи йўқлигини таъкидлади. У Адлия вазирлиги ушбу соҳадаги фаолиятни назорат қилишини эслатди. «Ўзининг диний ўлчовлари, уйидаги қарашлари билан жамиятга ўлчов қўйишга йўл қўймаймиз, чунки қонун бор», — деди Давлетов.

Йил давомида cўмнинг реал алмашув курси 2,9 фоизга ўсди

Сўмнинг реал самарали алмашув курси Ўзбекистоннинг асосий савдо-ҳамкор давлатлари валюталарининг заифлашиши ва яна бир неча факторлар туфайли 2,9 фоизга мустаҳкамланди. Ҳамкорлар орасида турк лираси 81 фоизга қадрсизланди, Хитой юани ягона мустаҳкамланган валюта бўлди. Россия ва Қозоғистон валюталари ҳам қадрсизланди.

2022 йил охирида инфляция 9 фоиздан паст бўлиши мумкин — Марказий банк

Марказий банк маълумотларига кўра, 2021 йил якунлари бўйича инфляция оралиқ мақсадли кўрсаткич даражасида — 10% бўлди. Бироқ, 2022 йил якунига қадар иқтисодиётда сақланиб қолаётган «нисбатан қатъий» пул-кредит сиёсати инфляциянинг пасайишига хизмат қилади. Шунингдек, тижорат банклари томонидан 2021 йилда иқтисодиётга ажратилган кредитлар 2020 йилга нисбатан 31 фоизга ўсгани айтилди.

Фарғона вилояти солиқ бошқармаси бош инспектори ЙТҲда вафот этди

Фарғона вилояти солиқ бошқармаси бош инспектори ўзига тегишли автомобилда аварияга учради. У кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, вафот этган.

Пойтахда машина сиқиб кетган автобус устунга бориб урилди

Тошкентда 59-рақамли автобус енгил автомобил сиқиб кетиши натижасида йўл четига чиқиб кетган ва устунга бориб урилган. ЙТҲ оқибатида 2 киши енгил жароҳат олган.

Бухоро аэропортида қўлга олинган россиялик блогер озод этилди

Ўзбекистондан Новосибирскка учиб кетаётганида багажида дрон аниқлангани учун қўлга олинган россиялик тревел-блогер Максим Лимар уй қамоғидан озод этилди. Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотларига кўра, у айни вақтда ватанга қайтиб кетишга тайёргарлик кўрмоқда.

Тошкент вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди, Оққўрғон ҳокими ўзгарди

Олтиариқ тумани ҳокими Холмирза Ниёзов Тошкент вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари бўлди. Шунингдек, Қуйи Чирчиқ тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Алишер Каримжонов Оққўрғон туманига ҳоким этиб тайинланди.

Қарши туманига янги ҳоким тайинланди

Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси биринчи ўринбосари Беҳзоджон Юсупов Қарши тумани ҳокими этиб тайинланди. Қашқадарё ҳокими туманнинг олдинги раҳбари Мақсуда Мустафоева ҳокимлиги пайтида йўл қўйилган камчиликларга ҳам тўхталди. «2021 йилнинг ўзида ер ажратиш бўйича қонунга зид қарорлар туфайли давлатга 6 млрд сўм зарар етказилган», — деди Муротжон Азимов.

«Ҳокимлар ҳудудларнинг беги эмас, халқнинг ёлланма ишчиси» — Русланбек Давлетов

Адлия вазири душанба кунги матбуот анжуманида раҳбарлар ўзини ҳудуди ёки соҳасини беги эмаслиги, балки улар халқнинг ёлланма ишчиси эканлигини таъкидлади. «У ёлланма ишчи, биз ҳам ёлланма ишчимиз», — деди Русланбек Давлетов. Қолаверса, давлат органлари ва ташкилотларида иш вақти тўғри йўлга қўйилмагани давлат хизматининг жозибадорлигига таъсир қилаётганини танқид қилди. «Шунинг учун ҳам ақлли одамлар келмаяпти давлат хизматига», — деди у.

«Қайси ҳудудда тадбиркор кириб келса, давлат ўз функциясини тугатади». Адлия вазири Ягона имтиҳон маркази ҳақида

Адлия вазири Русланбек Давлетов Тошкентдаги ҳайдовчилик гувоҳномасини берувчи Ягона имтиҳон маркази «Автотест» сингари монополия эмаслигини, қолаверса, лицензияни қурилиш битганидан кейин олиш ҳам мумкинлигини айтди. «Агарда қайси ҳудудда шу талабларга мос равишда хусусий сектордан тадбиркор кириб келса, давлат ўзининг шу функциясини тугатади», — деди у.

Ҳафта бошидаги ёғингарчилик пайшанбадан илиқ об-ҳавога ўзгаради

Ҳафта бошида Ўзбекистонга Кавказ ҳудудларидан салқин ва нам ҳаво кириб келиши эвазига айрим жойларда ёмғир ва қор ёғиши кутилмоқда. Пайшанбадан эса Эрон ҳудудларидан жуда илиқ ҳаво кириб келади ва кунлар исий бошлайди. Ҳафта давомида кечаси ва эрталаб туман тушади.

Кунлик коронавирус ҳолатлари сони 900 нафардан камайди

Дам олиш кунларида Ўзбекистонда бир сутка давомида 900 нафардан кам кишида коронавирус аниқланди. Пневмония билан касалланганлар сони ҳам аввалги кунларга нисбатан бирмунча камайган.

«Газета.uz» да эълон қилинган мақолалар:

Қўлланма: ATTO транспорт картаси балансини тўлдириш

ATTO транспорт картасини тўлдириш учун навбатда туриб қолмаслигингизни таъминлаш учун «Газета.uz» инфо-киосклар ва мобил иловалар орқали транспорт картаси балансини қандай тўлдириш мумкинлиги ҳақида қўлланмани тақдим этади.