Шанба ва якшанба кунлари Ўзбекистонда кунига 900 дан кам коронавирус инфекцияси юқтириш ҳолатлари аниқланди — 887 ва 832 та. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда. 15 январдан 4 февралгача бу касаллик аниқланганлар сони 900 нафардан пастга тушмаганди.

Якшанба куни Тошкент шаҳрида 435 та (шанба куни 438), Тошкент вилоятида 101 та (107), Фарғона вилоятида 46 та (61) ва Самарқанд вилоятида 43 та (49) ҳолат аниқланган. Бошқа ҳудудларда касалликка чалинганлар сони нисбатан камроқ бўлди.

Фото: ССВ

2020 йил март ойидан бери қайд этилган COVID-19 ҳолатларининг умумий сони 229,6 минг нафардан ошди.

Шунингдек, якшанба куни тасдиқланган пневмония ҳолатлари сони 134 тани, шанба куни эса 148 тани ташкил этди. Январь ойи охиридан буён бу кўрсаткич пасайишда давом этяпти.

Бундан ташқари, якшанба куни коронавирусдан келиб чиққан асоратлар натижасида 2 та, шанба куни эса 3 та ўлим қайд этилган. Расмий рўйхатга олинган ўлимларнинг умумий сони 1584 тани ташкил этади.