Бухорода икки қишлоқ аҳолиси ўртасидаги футбол ўйини пайтида оммавий муштлашув келиб чиқди. Вилоят ИИБ ҳолат юзасидан расмий маълумот бериб, воқеа 5 февраль куни соат 16:00 атрофида содир бўлганини маълум қилди.

Жондор тумани «Нурафшон» маҳалласининг «Мохон» қишлоғида жойлашган стадионда «Тобагар» ва «Чандир» қишлоқлари фуқаролари ўзаро футбол ўйнаган. Шундан сўнг улар орасида жанжал келиб чиққан. Бунга нима сабаб бўлгани ҳақида маълумот берилмаган.

Ҳолатга ва ушбу фуқароларнинг шахсига аниқлик киритиш ҳамда уларнинг ҳатти-ҳаракатларига қонуний баҳо бериш мақсадида тезкор суриштирув ва терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган. Бироқ, ўша вақтда ИИВ га ҳолат юзасидан ҳеч ким мурожаат қилмагани айтилмоқда.

«Ўйиннинг ташкил қилиниши, ўйин давомида содир бўлган жанжал ва бу жараёнда бирор бир фуқаронинг тан жароҳати олганлиги тўғрисида фуқароларнинг ўзи ёки бошқа шахслар томонидан Ички ишлар бошқармасининг 102 автоматлаштирилган тизимига, тиббий муассасаларга, 103 қисқа рақамли тез ёрдам хизматига, туман ИИБ навбатчилик қисми ва ҳудудий профилактика инспекторига мурожаат келиб тушмаган», — дейилади хабарда.