6 февраль куни эрталаб соат 06:37 атрофида 59-сонли «ISUZU» автобус олд ён томони билан устунга бориб урилди. Ҳолат бўйича «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ расмий баёнот берди.

Келтирилишича, автобус ҳайдовчиси Янги ҳаёт тумани ҳудудидаги Янги катта ҳалқа автомобиль йўли бўйлаб кетаётган вақтда, «SIMMA» меҳмонхонаси қаршисида енгил автомобил сиқиб кетган. Бунинг натижасида автобус йўл четига чиқиб кетган ва олд ён томони билан устунга бориб урилган.

Маълумотларга кўра, ушбу йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида икки нафар йўловчи енгил тан жароxати олган. Жабрланган йўловчилар шифохонага етказилиб, тез тиббий ёрдам кўрсатилган.

«Ҳозирда, мазкур йўл-транспорт ҳодисаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан расмийлаштирилган. „Тошшаҳартрансхизмат“ АЖнинг Йўловчи транспортида ҳаракат хавфсизлигини назорат этиш бошқармаси ходимлари томонидан хизмат суриштируви ўтказмоқда», — дейилади хабарда.