Тошкентнинг Юнусобод тумани собиқ ҳокими Жаҳонгир Иброҳимов дарахт экиш режасини бажармагани учун ишдан бўшатилган. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 2 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда айтиб ўтди, деб хабар берилди «Ўзбекистон 24» телеканалида эфирга узатилган Хайрулла Нуриддиновнинг «Менимча» кўрсатувида.

Давлат раҳбари дарахт экиш масаласига «бепарволик»ни танқид қилди. Юнусобод тумани ҳокими кузги дарахт экиш режасини бажармаганини маълум қилди.

«Юнусобод тумани куз мавсумида 20 мингдан зиёд дарахт кўчатларини экиш режасини бор-йўғи 43 фоизга бажаргани учун туман ҳокимини ишдан олдик. Абдулла Нигматович (бош вазир Абдулла Арипов — таҳр.), қолганларга ҳам баҳо беринг. Керак эмас, ёш-ёш йигитларни қўямиз», — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев Жаҳонгир Иброҳимовнинг истеъфоси бошқалар учун ибрат бўлиши кераклигини таъкидлади.

Ноябрда «Яшил макон» умумиллий лойиҳаси қабул қилинган ва унинг доирасида 200 млн туп дарахт кўчатларини экиш режалаштирилган эди. Президент жойларда дарахт экиш борасидаги рақамларга ишонмаслигини маълум қилди.

«Ҳар чиқишимда расмиятчилик, қўшиб ёзишларни қилмайлик, деб айтардим. Лекин барибир, мен бу рақамларга ишонмайман. Бизда жойларда касаллик бор — «приписка» қилишга. СССРдан шуни ўрганганмиз пахта «припискаси»ни. Бунда ҳам «приписка» йўқ экан деб биров кафолат беролмайди. Кимга керак бу? Кимга кўз-кўз қиляпсизлар? Менгами? Менга керак эмас, мен ҳақиқий аҳволни жуда яхши биладиган одамман. Айниқса Самарқанд, Жиззах, Тошкентда нималигини жуда яхши биламан», — деди у.

Жаҳонгир Иброҳимов 2021 йилнинг январида ҳоким этиб тайинланган эди. Президент ўшанда тайинлов ҳақида муносабат билдириб, «мен Иброҳимовга ё Юнусобод бўйича ишларни бажарасан, ё ишончни оқламайсан, дедим. Шунинг учун у «раскладушка» билан келди районга. «Раскладушка»ни олиб ҳокимиятда ётмайди, сектор маҳалласида жамоаси билан бориб ётади. Маҳалланинг «ҳиди» ёқмаса, кетади. Менга маҳалланинг «ҳиди» ёқади. Маҳалланинг «ҳиди» — халқнинг овози», — деган эди президент.

24 январь куни Юнусобод туманига аввал Тошкент прокурори ўринбосари бўлиб ишлаган Баҳодир Абдувалиев ҳоким этиб тайинланди.