Тошкент вилояти ва Фарғона вилояти божхона постларида мамлакат ҳудудига қурол-яроғ ва ўқ дори воситаларини олиб кирмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Жумладан, Тошкент вилояти божхона бошқармаси «Ғишткўприк» чегара божхона постига кириб келган фуқаро Е.А. бошқарувидаги «Toyota Land Cruiser» русумли автотранспорт воситаси холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилган.

Фото: Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати

Текширувда автомашинада тегишли ҳужжатлари ва оғзаки сўровда айтилмаган 1 дона пневматик тўппонча, 2 дона пневматик тўппонча учун газ балон ҳамда 310 дона пневматик ўқлар борлиги аниқланган.

Шунингдек, Тошкент вилояти божхона бошқармаси «С.Нажимов» чегара божхона постига кириб келган фуқаро А.И. бошқарувидаги автотранспорт воситаси юкхонасидаги чанг ютгич ичида йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган ва оғзаки сўровда маълум қилинмаган 1 дона пневматик тўппонча ҳамда 243 дона пневматик тўппонча учун мўлжалланган ўқлар топилган.

Фото: Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати

Бундан ташқари, Фарғона вилояти божхона бошқармаси «Фарғона аэропорти» чегара божхона постида хориждан учиб келган фуқаро Д.Ж.га тегишли юклар орасида тегишли ҳужжатлари бўлмаган 2 дона 12 калибрли ов қуроллари борлиги маълум бўлган.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилаётгани айтилди.