Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг йўл ёқаларига экилган дарахтлар сони ҳақидаги математик саволига нотўғри жавоб берди.

2 февраль куни «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга оширишга бағишланган йиғилишда Абдураҳмон Абдувалиев давлат раҳбарининг қўмита балансида неча километр йўл борлигини сўради. Қўмита раҳбари иккиланмасдан «42853 км» дея жавоб берди.

«Мен жуда яхши биламан, 43 мингга яқин. Шу 43 мингдан неча мингига дарахт экилган, икки томони чиройли бўлиб, тўрт қатор, ўн қатор бўлиб?» — деб сўради презизенд (лавҳа «Менимча» дастурида намойиш қилинди).

«Ўн қатор йўқ, лекин ҳозирги кунда 2−4 қаторли 4,5 йил давомида 1250 км га етдик», — дея жавоб берди қўмита раҳбари.

Шавкат Мирзиёевнинг бу неча фоизни ташкил этади, деган саволига: «10 фоиз», — дея жавоб берди.

«Ие, математикани қаерда ўқигансиз? Вой-вой-вой», — дея муносабат билдирди президент. «Уч фоиз», — дея сўзини тўғрилади Абдураҳмон Абдувалиев.

«Қани, Раматов (бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов), буёққа кел, нимага бу 10 фоиз деяпти?» — дея сўради давлат раҳбари.

Абдураҳмон Абдувалиев ва Очилбай Раматов. Манба: «Ўзбекистон 24».

«Бу буталарни ҳам айтди-да. Буталар билан 10 фоизгача боради», — деди Очилбой Раматов.

Шавкат Мирзиёев бу жавобга кулди. Ундан кейин қандай гап-сўз бўлгани лавҳада кўрсатилмаган.

Президент худди шу йиғилишда «Яшил макон» дастури лойиҳасида дарахт экиш борасидаги рақамларга ишонмаслиги ва одатий қўшиб ёзишлар бўлмаслигига кафолат йўқлигини таъкидлаган эди.

Йиғилишда 1 мартдан «Яшил йиллик» умуммиллий тадбири бошланиши эълон қилинди. Президент ҳар бир ҳудуднинг иқлимига мос, кўп сув талаб қилмайдиган кўчатларни танлаш ҳамда уларни тайёрлаш учун кўчатхоналар сонини ошириш лозимлигини таъкидлади.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига 10 млн дона мевали ва манзарали дарахт кўчатларини аҳолига бепул тарқатиш, Автомобиль йўллари қўмитасига халқаро ва республика аҳамиятидаги йўллар четида жами 1,5 млн туп дарахтдан иборат ихота дарахтзорлар барпо этиш бўйича топшириқ берилди.