Сенат Вазирлар Маҳкамасига Интернет жаҳон ахборот тармоғида ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида парламент сўрови юборади. Бу ҳақдаги қарор юқори палатанинг жума куни бўлиб ўтган 23-ялпи мажлисида қабул қилинди.

Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш қўмитаси раисининг ўринбосари Фарҳод Боқиев интернет ва ижтимоий тармоқлар ахборот маконида инсон дунёқарашини ўзгартира оладиган энг кучли воситага айланганини таъкидлади.


Фарҳод Боқиев. Фото: Сенат ахборот хизмати.

«Чунки бир қарашда беозор туюлган ижтимоий тармоқларлардаги махсус мулоқот дастурлари орқали кечадиган суҳбатлар тафаккури энди шаклланаётган болаларни охир-оқибат жиноятгача етаклаб бораётгани ҳаётий ҳақиқат», — деди у.

Унинг таъкидлашича, «Wikipedia» интернет энциклопедиясига Ўзбекистоннинг машҳур спортчилари ва спорт ташкилотлари фаолияти тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш ишлари Туризм ва спорт вазирлиги томонидан, ўзбек адабиёти ва санъати мумтоз намояндаларининг асарларидан барчанинг фойдаланиш имкониятини таъминлаш учун веб-портал ташкил қилиш вазифаси Маданият вазирлиги томонидан бу борадаги ишлар тизимли ташкил қилинмаган.

Бундан ташқари, болаларни интернетдаги турли ахборот хуружларидан ҳимоялашга қаратилган электрон шаклда иллюстрация қўлланмалари яратиш борасидаги ишлар суст олиб борилмоқда.

Масалан, «Wikipedia» платформасида Ўзбекистон ҳақида маълумотлар тўлиқмаслиги ёки маълумотлар эскилиги, оммабоп онлайн платформаларда мамлакат ҳақидаги сифатли контентлар камлиги оқибатида «ёшлар Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги турли маънавиятга зид контентларга қизиқиши тоборо ортмоқда».

«Оқибатда эса, мафкуравий таҳдидлар орқали аҳолининг маълум бир қатламлари, айниқса ёшларнинг қарашларини ўзларига маъқул бўлган йўналишда ўзгартиришга, ахлоқсизлик каби бузғунчи ғояларни сингдиришга уринишлар бўлмоқда», — дея таъкидлади Фарҳод Боқиев.

Сенатор 8-синф ўқувчиси кўчада кетаётган қарияни оёғи билан атайлаб тепиб, воқеа жойидан қочиб кетганини мисол қилиб келтирди.

«Бирон бир сабабсиз, шунчаки ижтимоий тармоқ „юлдузи“ бўлиш илинжида қасддан ёши улуғ инсонга қилинган бундай хатти харакатни хеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Афсуски бундай ҳолатлар жуда кўп содир бўлмоқда», — деди у.

Бугун «Facebook»да 4,7 млн, «Instagram» да 3,7 млн, «Телеграм»да 18 млн, «Odnoklassniki»да 16,7 млн ўзбекистонлик фойдаланувчилар мавжуд. Интернет тармоғидаги «.UZ» доменида рўйхатдан ўтган доменлар сони ҳозирги кунда 98 мингтадан ошган.


Графика: Муқаддамхон Саидрасулова / «Газета.uz».

Сенаторнинг сўзларига кўра, интернет орқали тарқатилаётган ғаразли маълумотлар, маънавиятга путур етказувчи турли бузғунчи ғоялар аҳоли ўртасида хавотир уйғотади.


Сенаторнинг таъкидлашича, «.UZ доменидаги сайтларда фойдаланувчилар томонидан «миллий менталитетга ёт бўлган, фуқаролар онги, руҳияти, маънавий-маърифий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи, бошқа манбаларга ҳаволалар жойлаштириш ҳолатлари кузатилмоқда. Шу жумладан, ёшлар ҳам ахлоқсизлик, бузуқлик, порнография, шафқатсизлик, зўравонлик, қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни тарғиб қилишга хизмат қилиши мумкин».

2021 йилнинг декабрь ҳолатига кўра миллий домен ҳудудидаги 289 та веб-сайтда беҳаёлик ва маънавий бузуқлик тарғиботига хизмат қилиши мумкин бўлган ҳолатлар аниқланган бўлиб, 2097 та қонунбузарлик ҳолати қайд этилган, дея маълум қилди Фарҳод Боқиев.

Сенатор телевидениеда намойиш этилаётган сериал ва филмлардаги саҳна кўринишлари ҳам жамоатчилик томонидан танқид қилинаётганини ҳам қайд этди.

Шунингдек, қимор (тотализатор) ва таваккалчиликка асосланган бошқа уйинларни интернет ва ижтимоий тармоқларда онлайн тарзда уйнашни таклиф этувчи турли рекламалар жойлаштириш, бундан ташқари, жангари, ваҳшийликни тарғиб қилувчи материаллр кўпайгани натижасида, ёшлар ва вояга етмаганларнинг ушбу ўйинларга қизиқиши ортидан, турли хуқуқбузарликлар келиб чиқаётганини таъкидланди.

Республикада 2021 йилда жиноятларнинг ҳар бешинчиси ёшлар томонидан содир этилган. Ёки бўлмасам, 2021 йилда 39 426 нафар фуқаролар (шундан 405 нафари вояга етмаган) кўча ва жамоат жойларида ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли бўлган буюмлар олиб юрганлиги аниқланган. Шундан, ҳеч қандай мақсадсиз 30 444 таси пичоқ, 438 таси кастет, 592 таси бита, 7952 таси бошқа хавфли буюмлар олиб юришган.

Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида «маънавий бузуқликни тарғиб қилувчи 130 га яқин гуруҳ, саҳифа ва каналлар мавжудлиги аниқланган бўлса, уларда 2 646 та материал (фото, видео, матнли ва бошқалар) тарқатилгани сенатор томонидан қайд этилди».

2021 йилнинг ўтган даври мобайнида «ахлоқсизлик, беҳаёликни тарғиб қилувчи 1650 та веб-сайтдан мамлакат ҳудудида фойдаланиш белгиланган тартибда чекланган бўлса-да, бироқ мамлакатимизда энг оммабоп бўлган „Telegram“ мессенжерида ўзбек аудиториясига қаратилган, одоб ахлоқ талабларига мос келмайдиган 35 та фаол каналда 7 738 та материал тарқатилган», — дейилади сенатор маърузасида.

Унинг сўзларига кўра, интернет ресурслари ва ижтимоий тармоқларда ушбу ҳолатларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилмаган.

Сенат ҳисоботига кўра, маданият соҳасида содир бўлаётган воқеалар таҳлили шуни кўрсатадики, бадиий фильмлар, реклама (шу жумладан кўча баннерларида), мусиқа ва клипларда «фақат пул, бойлик ва ахлоқсизлик тарғиб қилинади». Айрим ҳолларда миллий маънавиятга мутлақо зид бўлган саҳна кўринишлари кўрсатилади.

«Ўқувчи ёшларнинг онгига зарар етказиши мумкин бўлган ахлоқсизликни тарғиб қилувчи контентлар, диний адоватни қўзғатувчи, таваккалчиликка асосланган онлайн ўйинлар, тотализаторлар, оилавий қадриятларни инкор этадиган ҳамда жамиятда бузғунчилик ғояларини тарғиб этадиган веб-ресурсларга қарши курашиш биргаликдаги устувор вазифа ҳисобланади», — деди сенатор.

Сенат раиси Танзила Нарбаеванинг ишонтиришича, сенаторлар «маълумотни чеклаш ғоясидан узоқ». Унинг фикрича, миллий контентни ривожлантириш доирасида жамиятни, айниқса, ёшларни тезкор, холис, сифатли ва фойдали маълумотлар билан таъминлаш зарур.

«Шу билан бирга, ахборот майдонида ҳам, бошқа соҳаларда бўлгани каби, қонун устуворлиги бўлиши керак», — деди Сенат раиси.