4 февраль куни президентнинг «Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида таълим олувчиларнинг ҳар йилги қишки таътили тўғрисида»ги фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. Ҳужжат бош вазирнинг оғзаки топшириғи асосида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқилди.

Ҳужжатга мувофиқ, ҳар йили декабрь ойининг охирги ўн кунлиги ва январь ойининг биринчи ўн кунлиги оралиғида Ўзбекистон професссионал таълим муассасалари ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талабаларининг ҳар йилги икки ҳафталик қишки таътилини ўтказиш таклиф этилмоқда.

Таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органларига ўқувчи ва талабаларга таътил бериш муддатини ўзгартириш ҳуқуқи берилади.

Транспорт вазирлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва «Uzbekistan airways» АЖ қишки таътил бошланишидан 10 кун аввалдан бошлаб чиптанинг тўлиқ қийматидан 50 фоизли чегирма тўлови асосида республика ичида ҳаракатланувчи тезюрар ва йўловчи (юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар ва барча йўловчи поездларнинг СВ, ВИП вагонлари бундан мустасно) поездларига ҳамда маҳаллий авиарейсларга чипталар сотувини ташкил этади.

Темир ва ҳаво йўллардан ташқари ўқувчи ва талабаларнинг йўналишли шаҳарлараро автобус қатнови орқали ҳаракатланиши учун ҳам имтиёзли чипталар тақдим этиш механизми жорий этилади.

Фармон лойиҳаси билан ўқувчи ва талабаларнинг қишки таътилда ҳаракатланиш графигини мувофиқлаштириш мақсадида яшаш жойи республиканинг бир минтақасида, таълим олиш жойи эса бошқа минтақада бўлган ўқувчи ва талабалар ҳақида махсус электрон платформаси (www.e-holiday.uz) яратилади.

Платформа фаолияти 2022 йил 1 майга қадар тўлиқ йўлга қўйилади. Бунда мазкур платформага шахсни верификация қилиш мақсадида Транспорт вазирлиги уланади.

Фармон лойиҳаси доирасида таклиф ва муҳокамалар 19 февралга қадар қабул қилинади.

Эслатиб ўтамиз, 2021/2022 ўқув йилида талабалар об-ҳаво ёмонлашгани сабаб қишки таътилга белгиланган (27 декабрь) санадан аввалроқ, 25 декабрдан бошлаб чиққан эди.

Кейинчалик, ОТМлар раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари учун семинар-тренинглар ўтказилиши муносабати билан талабаларнинг таътили 24 январга қадар узайтирилди. Шу билан бирга, қишки таътил узайтирилиши сабаб ОТМларда ўқув муддати ўзгармаслиги маълум қилинди.

Февралнинг иккинчи кунида эса коронавирусга қарши курашиш Республика махсус комиссиясининг қарори билан ОТМларда ўқиш 24 февралгача босқичма-босқич анаънавий шаклга ўтказилиши белгиланди.