Туризм ва спорт вазирлиги бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида «Майданак» туристик-рекреацион зонасини ташкил этиш юзасидан тегишли ўрганишларни олиб бормоқда.

Вазирлик матбуот хизматининг хабарига кўра, ҳозирги вақтда Қарши шаҳридан 176 км узоқликда жойлашган XIV аср зиёратгоҳи ва масжиди бўлган «Лангар ота» ҳамда «Майданак» обсерваторияси ҳудудигача бўлган йўл, электр таъминоти, сув ва оқова сув инфратузилмаси ўрганилиб, тегишли лойиҳа ишлаб чиқилмоқда.

Фото: Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.

Соҳа мутахассислари денгиз сатҳидан 2650 метр юқорида бўлган «Майданак» обсерваториясида бўлиб, Майданак тоғларининг 7900 гектар арчазор ҳудудларида ўтов, «camping», «glamping», эко-уйлар, енгил конструкцияли контейнерлар жойлаштиришни муҳокама қилган.


Бундан ташқари, Кўкбулоқ, Ўртадара, Чуқурқишлоқ, Каттаўра, Боғобод қишлоқларида 100 дан ортиқ меҳмон уйи барпо этиш кўзда тутилган. Кўрсатиладиган хизматларни диверсификациялаш орқали ҳудудда «Mountain treck», «Mountain bike» ва экстремал туризм хизматлари ривожлантириш режа қилинган.

Шу билан бирга, осма дор йўли, 3 юлдузли меҳмонхона ҳамда соғломлаштириш мажмуаларини қуриш ҳам кутилмоқда.