Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Пекинда қишки Олимпия ўйинларининг очилиши доирасида бир қатор давлатлар раҳбарлари билан учрашди.

«Ташриф билан Пекинда бўлиб турган президент Шавкат Мирзиёев қишки Олимпия ўйинларининг очилишига бағишланган тадбирлар доирасида қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан мулоқот қилди», — деб ёзди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Суратларда Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси қолаверса, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ва бошқалар билан мулоқот ўтказган.

Шавкат Мирзиёев ва Антониу Гутерриш.

Ўзбекистон президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси билан.

Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси парламенти спикери Пак Бён Сок билан.


Ўзбекистон етакчиси 4 февраль куни Пекиндаги «Қуш уяси» миллий стадионида бўлиб ўтган XXIV қишки Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросимида ҳам қатнашди.

Шавкат Мирзиёев ва ундан кейин қаторда РФ президенти Владимир Путин.

Маросим бадиий дастури ХХР Раиси Си Цзиньпин томонидан илгари сурилган «Инсониятнинг умумий тақдири ҳамжамияти» концепциясини ўзида мужассам этган бўлиб, Хитой халқининг қадимий тарихи ва бой маданияти, жаҳон иқтисодиёти пешқадами сифатида эришаётган улкан муваффақият ва ютуқлари, халқаро олимпия ҳаракатининг руҳи ва қадриятларини акс эттирди.


Сўнг Миллатлар паради бўлиб ўтди. Қишки Олимпиадада иштирок этаётган мамлакатларнинг спорт делегациялари, шу жумладан Ўзбекистон жамоаси стадион бўйлаб юрди. Ўйинларда юртимиздан қатанашаётган тоғ чанғичиси Комилжон Тўхтаев Ўзбекистон давлат байроғини тантанали кўтариб ўтди.


Ўзбекистон байроқдори ва мамлакат номидан ўйинларда қатнашаётган ягона вакил — тоғ чанғиси бўйича спорт мусобақаларида қатнашади.