Одам савдоси билан шуғулланганликда айбланган Ўзбекистон фуқароси (аёл киши) Бирлашган Араб Амирликларидан депортация қилинди. Бу ҳақда Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси хабар берди.

«Гумондор сотиш ва эксплуатация қилиш мақсадида, яхши ҳақ тўланадиган иш ваъда қилиб, қизларни БААга олиб борган ва у ерда уларнинг паспортларини олиб қўйиб, фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур қилган», — дейилади хабарда.

Аёл Ўзбекистонни тарк этгани боис унга нисбатан судланувчи сифатида сиртдан қарор чиқарилган бўлган. У 2013 йилдан бери Интерпол каналлари орқали халқаро қидирувда бўлган.

Бугунги кунга келиб Интерпол ММБ ва Бухоро вилояти ИИБ ходимларининг музокаралари ва биргаликдаги тезкор ҳаракатлари туфайли қидирувда бўлган аёл БАА ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олиниб, Ўзбекистонга депортация қилинди, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 31 декабрь куни Ўзбекистонда одам савдоси жиноятини содир этганликда гумон қилинган ва қидирувда бўлган эркак Интерпол томонидан АҚШда қўлга олинганди.