Марказий Осиё тарихи давомида турли асрларда турли хил халқлар, қабилалар ва давлатлар минтақа ҳудудини забт этган. Милоддан аввалги VI асрдан ХХ асрга қадар замонавий Ўзбекистон ҳудудида йигирмадан ортиқ давлатлар ҳукмронлик қилган. Улар орасида Африғийлар сулоласи бошқарган Хоразм давлати ушбу минтақада ўз ҳудудида энг узоқ вақт (600 йил) ҳукмронлик қилган. «Газета.uz» geacron.com тарихий хариталар платформаси маълумотларига таяниб, замонавий Ўзбекистон ҳудудида ҳукм сурган давлатлар харитасини тўплади.

Муҳим: «Газета.uz» ушбу видеода тақдим этилган давлатлар чегараларида айрим кичик ноаниқликлар бўлиши эҳтимолини инкор этмайди. Замонавий Ўзбекистон ҳудудида ҳукм сурган давлатлар ҳақида маълумотлар очиқ манбалардан олинган бўлиб, материал тарихшунос олим томонидан кўриб чиқилган.

Қуйида видеода келтирилган айрим даврлар ва давлатлар ҳақида қисқа маълумотларни ўқишингиз мумкин.

Милоддан аввалги VII-VI асрларда Ўзбекистон ҳамда қўшни ҳудудларда сўғдийлар, бақтрияликлар, хоразмликлар ҳамда сак ва массагет қабилалари яшаганлар.


Милоддан аввалги VI асрда Марказий Осиёга форсий Аҳамонийлар давлати қўшинлари ҳужум қилдилар. Кир II ва Доро I ҳукмдорлиги даврида Бақтрия, Хоразм ва Сўғд форслар давлати таркибига киради.

Форслар ҳукмронлиги милоддан аввалги IV асрда Македониялик Александр томонидан Гавгамелла жангидан сўнг тўхтатилди. М.а. 329 йилда эса Александрдан шарққа, Марказий Осиёга қочиб кетган охирги Аҳамонийлар шоҳи Доро III вафот этди. Дорони таъқиб қилиб, Александр қўшинлари Аҳамонийларнинг шарқий сатрапия (вилоятлари)лари Бақтрия ва Сўғдни босиб олди. Милоддан аввалги 327 йилга келиб, Александр минтақада ўз ҳокимиятини ўрнатишга муваффақ бўлди.

Александр Македонскийнинг ўлими (м.а. 323 йил) ва унинг яқинлари (диадохлар) ўртасидаги ҳокимиятни эгаллаш учун бўлиб ўтган қирқ йиллик урушдан сўнг, Бақтрия ва Сўғд Александрнинг дўсти ва қўриқчиси, юнон қўмондони Салавк томонидан асос солинган Салавкийлар давлатига қўшиб олинди.

Милоддан аввалги 250 йилда Бақтрия ва Сўғдиёна сатрапи Диодот қўзғолон кўтариб, Салавкийлар ҳукмронлигидан чиқди ва пойтахти Бақтра бўлган Юнон-Бақтрия давлатига асос солди.


Милоддан аввалги II асрда эроний юечжи қабилалари (тохарлар, да-юэчжи) Бақтрияга кириб келиб, Юнон-Бақтрия давлатини тугатишди. Юэчжи Бақтрияни бешта ҳокимликларга ажратди.

Милодий I аср бошларида Кушон сулоласи раҳбари Кудзула Кадфиз I бутун Бақтрияни бирлаштирди. У ва унинг меросхўрлари Сўғд ва Хоразмнинг айрим вилоятлари, шунингдек Фарғона ва Чағаниённи бўйсундириб, давлат ерларини кенгайтириб бордилар. Кушон шоҳи Вима Кадфиз II шимолий-шарқий Ҳиндистонни эгаллади. Кушон давлатининг ҳудудий ва иқтисодий ривожланиши Канишка I ҳукмронлиги даврида содир бўлади.

Кушон империяси ва Кангюй каби давлатларнинг сиёсий майдондан йўқолиши антик даврни якунлаб берди. Минтақа тарихида эрта ўрта аср даврининг (IV — VIII асрларда) бошланиши IV асрга тўғри келди, ушбу даврда кўчманчи қабилалар — кидарийлар, хионитлар, эфталитлар ва бошқалар шарқ — шимоли-шарқий ҳудудлардан Ўрта Осиёга кўчиб келишди.

Улар ушбу ҳудуднинг турли вилоятларида жойлашиб, ўз давлатларини барпо қилишди. Кўчманчи қабилалар ичида эфталийлар — «оқ гунлар» давлати энг қудратли давлатга айланди. Ушбу давлат Бақтрия-Тохаристон, Сўғд, Чоч, Фарғона ва Шимолий Ҳиндистон ҳудудларини ўз ичига олган империяга айланди.

561−563 йилларда Турк хоқонлиги Эрон билан эфталийларга қарши иттифоқ тузишди. 565 йилда Нахшаб (ҳозирги Қарши) жангида турклар ғалаба қозониб, Сўғд хоқонликка қўшиб олинди. VI асрнинг охирига келиб, Турк хоқонлиги бутун Марказий Осиёни ўз давлати таркибига қўшиб олди.

603 йили Турк хоқонлиги ички қарама-қаршиликлар натижасида Ғарбий ва Шарқий турк хоқонликларига бўлиниб кетди. Қабила зодагонлари ўртасида кечган қабилалараро урушлар оқибатида Ғарбий турк хоқонлиги 704 йилда парчаланиб кетди.

Бу вақтга келиб, Араб халифалиги Шарқ томон тобора кенгайиб, Сосонийлар империясинининг ҳудудини 642 йилда бутунлай босиб олишди, Марказий Осиёга эса босқинчилик қилиб туришар эди. 705 йилдан бошлаб ҳар йили Қутайба ибн Муслимнинг шарққа юришлари амалга оширилиб келинарди. Шу йўл билан Қутайба Араб халифалиги ҳудудига янги ерларни қўшиб боради.

705 йилдан араблар Марказий Осиё ҳудудини мунтазам равишда босиб олишга киришдилар. 707 йилда Бухоро воҳасининг босиб олиниши бошланди. Бухоро қамали 709 йилгача давом этди ва бир нечта ҳужумлардан сўнг шаҳар забт этилди.

X асрнинг охирида Мовароуннаҳрга Шарқий Туркистондан турк-қорахонийлар бостириб келиб, Сомонийлар давлатининг собиқ ерларини ўз ҳудудига қўшиб олди, бироқ маълум вақт Салжуқий туркларга қарам бўлиб қолди.

XI асрнинг охиридан бошлаб Хоразмда туркий Ануштегинлар сулоласи дастлаб Салжуқийлар вассаллари, XII асрнинг иккинчи ярмидан эса мустақил ҳукмдорлар сифатида ҳокимиятга келди. Тез орада Ануштегинлар босиб олган ерларда улкан Хоразмшоҳлар давлати барпо этилди.

1215 йилда Чингизхон ўзининг 450 мусулмон савдогар ва бир неча ўнлаб мўғул зобитларидан ташкил топган илк савдо карвонини Хоразмга жўнатди. Улар Ўтрор ҳукмдори Қайирхон томонидан қўлга олинди ва қатл қилинди.

1219 йилнинг кузида Чингизхон армияси билан Иртиш қирғоғидан ғарбга юриш бошлади. Шу йилнинг ўзида у Мовароуннаҳрни босиб олди. Икки йил мобайнида мўғуллар Хоразмшоҳларнинг деярли барча ерларини вайрон қилиб, қўлга киритдилар.

1370 йилда Амир Темур Туроннинг олий амирига айланди. У ҳукмронлиги даврида учта машҳур юрушларни амалга оширди: уч йиллик (яқин шарққа юриш), беш йиллик (Олтин Ўрда билан уруш), етти йиллик (Эронга юриш, Усмонли турклар империясига қарши уруш).

Темурийлар Ўзбекистоннинг ҳозирги ҳудудини XVI аср бошида Шайбонийхон қўшини билан ҳудудга кириб келгунга қадар бошқарган. Шайбонийлар (ўзбек) сулоласи асосчиси Шайбонийхон Мовароуннаҳрда Темурийлар давлатини эгаллаб, Шайбонийлар давлатига асоссолди.

Шайбонийхоннинг жияни Убайдуллахон 1533 йилда ўз давлатининг пойтахтини Самарқанддан Бухорога кўчирди. Шайбонийлар давлати Бухоро хонлиги деб аталди, аммо 1785 йилда у амирликка айлантирилди ва 1920 йилгача сақланиб қолди.

XVIII аср бошларида Бухоро хонлигида марказий ҳокимият ички курашлар оқибатида заифлашди. Ташқи хавф сабаб 1709 йилда минг уруғи вакиллари Фарғона водийсида ҳокимиятни ўз қўлларига олдилар. Шу тариқа, кейинчалик Қўқон хонлиги деб аталган янги ўзбек давлати вужудга келди.

1865−1876 йилларда Қўқон хонлиги, қисман Хива хонлиги ва Бухоро амирлиги ҳудудлари Россия империясига қўшиб олинди. 1867 йилда Туркистон генерал-губернаторлиги (1867−1917) ташкил этилди. Сирдарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари каби учта вилоятлар ташкил этилди, улар ҳарбий ҳокимлар томонидан бошқарилган.

1920 йилнинг феврал ойида Хива хонлиги ва Бухоро амирлиги қизил армия томонидан қўлга олинди ва уларнинг ўрнига Хоразм ва Бухоро Халқ Совет Республикалари ташкил этилди. 1924 йилнинг сентябрида ушбу республикалар Ўзбек ва Туркман ССР таркибига кирган. 1924 йил 27 октябрда Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси ташкил этилди.

1956 йилда Ўзбек ва Қозоқ ССР чегаралари ўзгарди, бунинг натижасида Ўзбекистон Республикасининг ҳозирги чегараси шаклланди. 1991 йилнинг 31 августида Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинди.

Ўзбекистон тарихи ҳақида гапирар эканмиз, Орол денгизи ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш лозим. Видеода Ўзбекистоннинг 2600 йиллик тарихи қисқача намойиш этилди, унда сиз 2500 йилдан кўпроқ вақт давомида Оролнинг ҳажми қанчалик йирик бўлганлигини кўришингиз мумкин. Аммо фақатгина охирги 50 йил давомида Орол юзасининг майдони 88% га камайди.