Ижтимоий тармоқларда Хоразм вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси етакчи инспектори пора билан қўлга тушгани ҳақида хабарлар тарқалди.

4 февраль куни Қурилиш вазирлиги мазкур ҳолатга изоҳ бериб, ушбу ходим 2020 йилнинг 29 апрелида ишга олингани, бироқ қўлга олинган вақтдан олдинроқ, у ишдан бўшатилганини маълум қилди.

«28 январдан Хоразм вилояти Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясининг буйруғига асосан Р.Р. билан тузилган меҳнат шартномаси ўз ихтиёри билан бекор қилинган. Қўлга олинган пайтда Р.Р. ушбу лавозимда фаолият юритмаётган бўлган», — дейилади хабарда.

5 февраль куни Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти эса Қурилиш вазирлигининг мазкур хабарини инкор қилиб чиқди.

Хоразм вилоятининг Хонқа туманида истиқомат қилувчи фуқаро Ф. ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиб, Хоразм вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясида ишловчи Р.Р. қариндоши Р. нинг биносини фойдаланишга қабул қилиш ҳақидаги мурожаати инспекция томонидан кўриб чиқилиб, натижасига кўра объектни қабул қилиш рад қилинган.

Шунга қарамасдан Р.Р. хизмат мавқеидан фойдаланиб, ушбу мурожаатни ижобий ҳал қилиб бериши эвазига 1 000 АҚШ доллари талаб қилаётганини билдирган ва унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Ушбу мурожаат ҳамда олинган тезкор маълумотларга асосан 31 декабрь куни тезкор тадбир ўтказилган. «Хоразм вилояти Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси етакчи инспектори Р.Р. фуқаро Р.дан ўзи талаб қилган 1 000 АҚШ долларини Урганч шаҳри марказидаги савдо комплексининг автотураргоҳида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган», — дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давомида, фуқаро Р.Р. мазкур лавозимда ростдан ҳам ишлашини тасдиқлаган.

Гумондор инспекция томонидан тақдим этилган расмий ҳужжатлар, маълумотнома, махсус гувоҳнома, табель ҳамда тезкор тадбир жараёнида олинган видеолавҳа орқали тасдиқланган, дейилади хабарда.


Департамент шунингдек, Р.Р.ни мазкур лавозимда ишлашини тасдиқловчи Хоразм вилояти ҚСҲН инспекцияси бошлиғининг 31 декабрдаги маълумотномасини, ходимнинг махсус гувоҳномаси ҳамда инспекциянинг январь ойи учун табелини илова қилган.

«Ҳозирда, жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда», — дейилади расмий муносабатда.