Оролқумдан кўтариладиган қум ва чанг бўронлари туфайли йўқотишлар қиймати биргина Қорақалпоғистон учун йилига 44,2 млн доллар ёки ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) 2,1 фоизини ташкил этади. Жаҳон банки ишлаб чиққан 20 йиллик сценарийга кўра, бу даврда мазкур муаммога нисбатан ҳаракатсизлик Қорақалпоғистонга тахминан 844 млн долларга тушиши мумкин. Бу ҳақда банкнинг Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан биргаликда «Орол денгизининг қуриган тубидаги қум ва чанг бўронларини камайтириш учун Ўзбекистонда ландшафтни қайта тиклашнинг аҳамияти» мавзусида олиб борган қўшма тадқиқоти хулосаларига таяниб маълум қилинди.

Банк маълумотларига қараганда, Марказий Осиёда тез-тез содир бўлиб турувчи қум ва чанг бўронлари (ҚЧБ) инсон омили туфайли янада кучайганлиги кузатилмоқда.

Орол денгизининг тубидан тахминий майдони 60 минг квадрат-километрга тенг Оролқум чўли ҳосил бўлган. Чўлнинг деярли ярми Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган бўлиб, унда 1,8 миллион аҳоли истиқомат қилади. Бугунги кунга келиб чўл юқори туз концентрацияси билан қум ва чанг бўронларининг қўшимча манбасига айланган. Ҳар йили бўронлар сабаб Оролнинг қуриган тубидан кўтарилган 15−75 миллион тоннагача миқдордаги қум, чанг ва туз Марказий Осиё кенгликлари бўйлаб ёйилади. Натижада юзага келган тупроқ эрозияси ва ҳавонинг ифлосланиши одамлар саломатлиги, турмуш шароитига ва атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатади.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти доимий салбий таъсир остида қолаётганлиги айтилмоқда. Маълум қилинишича, собиқ денгиз соҳилидан 500 км масофада қуруқ яйловлар, суғориладиган экин майдонлари, турли ўлчамдаги сув ҳавзалари ва аҳоли пунктлари жойлашган.

Банк ҳисоб-китобларига кўра, ҳудудда ҳозирда мавжуд амалиётларнинг давом эттирилиши жиддий иқтисодий йўқотишга олиб келади. Бу йўқотишлар қиймати йилига ўртача 32,6 млн долларни ёки Қорақалпоғистон ЯИМнинг 1,54 фоизини ташкил этади (20 йилда жами — 652 млн доллар).

Хусусан, Оролқум чўлининг қайта тикланиши мумкин бўлган қисмидаги ҚЧБ туфайли:

  • умумий қиймати 207 млн долларга тенг 2,1 миллион тонна тупроқ углерод моддаси;
  • умумий қиймати 108 млн ва 146 млн долларга баҳоланган жами 2 ва 2,7 миллион тонна ер усти ва остидаги ўсимликларда сақланиши мумкин бўлган углерод;
  • 111 млн ва 80 млн доллар қийматдаги ем-хашак ва ёғоч йўқотилади.

Бундан ташқари, ҚЧБ натижасида майдон ташқарисидаги таъсирлар аҳоли саломатлигини сақлаш ва ўсимлик етиштиришда йилига ўртача 11,6 млн доллар миқдоридаги (20 йилда жами 192 млн) йўқотишларга олиб келиши таъкидланган.

Тадқиқот хулосасига кўра, Ўзбекистондаги Орол денгизи қуриган тубининг катта қисмини қурғоқчиликка ва шўр тупроққа чидамли бўлган маҳаллий дарахтлар, буталар ва ўт-ўланларни аралаш ҳолда экиш ҳисобига қайта тиклаш мумкинлиги айтилмоқда.

«Тўғри режалаштирилганда Орол денгизи тубидаги ландшафтни тиклаш жараёни иқтисодий жиҳатдан асосланган бўлиши ва Орол денгизининг собиқ қирғоғидан 100−200 км гача бўлган масофада ҳаво ифлосланишининг сезиларли даражада камайишига олиб келиши мумкин», — дейилади банк хулосасида.

Бунинг натижасида маҳаллий аҳолининг саломатлиги ва фаровонлигини яхшиланиши билан бир қаторда, ҳар йили қўшимча 28−44 млн доллар миқдорида қўшимча фойда келтириши ҳамда тупроқдан углерод чиқишини олдини олиш ва атмосферадан карбонат ангидридни ютиш орқали иқлим ўзгаришини юмшатишга ёрдам бериши мумкин.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда «яшил» иқтисодий ўсиш истиқболлари, шу жумладан, собиқ Орол денгизи тубида ландшафтларни тиклаш бўйича лойиҳалар «яшил» иқтисодий ўсиш миллий стратегиясининг ажралмас қисмига айланиши мумкин. Бу мамлакатнинг «яшил» иқтисодий ўсишга ўтиш жараёнини тезлаштиришдан ташқари, минтақавий ва глобал миқёсда фойда келтириши ҳам мумкин эканлиги таъкидланган. Улар келтириши мумкин бўлган иқтисодий фойда ва ижтимоий манфаатлар иқтисодий ва молиявий бевосита харажатлардан сезиларли даражада устун туради.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистонда табиий офатлар ҳар йили ўртача 1,4 миллион кишилар ҳаётига таъсир ўтказади. Натижада етказилган зарар йилига қарийб 3 млрд долларни ташкил этади.

Вазирлик томонидан Жаҳон банки ва Марказий Осиё минтақавий экологик маркази билан биргаликда 2021 йил августидан 2022 йил январигача Тошкентда онлайн ва офлайн режимда Ўзбекистонда «яшил» ўсиш ва иқлим ўзгариши бўйича ўн битта стратегик мулоқотлар туркуми ташкил этилди.

Мулоқотлар давомида Ўзбекистонда яшил иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш, хусусан, мамлакатни кам углеродли саноат ва иқтисодиётни қуришда қўллаб-қувватлаш, иқлим ўзгаришига қаршилик кўрсатиш, яшил молиялаштиришни сафарбар этиш бўйича кўрилиши лозим бўлган ва кўрилаётган чора-тадбирларни муҳокама қилинган.