Тошкент маҳаллалари ЮНЕСКО Бутунжаҳон маданий меросининг дастлабки рўйхатига киритилди, дея хабар қилди Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева. У ушбу ҳодисани жаҳон миқёсидаги тарихий воқеа деб атади.

«Эски шаҳар маҳаллалари маданий қатламларини сақлаб қолиш бўйича дастлабки қадамлар 2019 йилда, Венеция архитектура Биенналесида тақдим этилган „Маҳалла: шаҳар ва қишлоқ ҳаёти“ лойиҳаси ишлаб чиқилганда амалга оширилган эди», — дея эсга олди у.

«Маҳаллаларимиз халқаро экспертлар томонидан эко-архитектурани тиклаш, замонавий шаҳарларни оммавий урбанизациядан асраш, шунингдек, ижтимоий қадриятлар ва жамоавийликни сақлаб қолиш усули сифатида эътироф этилди», — дея қўшимча қилди Саида Мирзиёева.

«Табиийки, ушбу ҳудудда ҳеч қандай инвестиция қурилиш лойиҳаларини амалга оширишга рухсат бўлмайди, — дея қайд этди у. — Тошкентнинг юраги бўлган қадимий Зарқайнар кўчаси тақдирига самимий қайғураётган барчага — жамоатчилик вакиллари, фаоллар, журналист ва блогерларга миннатдорчилик билдирамоқчиман. Шунингдек, маҳаллани асраб қолиш лойиҳасини қўллаб-қувватлагани ва уни Бутунжаҳон табиий ва маданий мероси дастлабки рўйхатига киритгани учун ЮНЕСКО ташкилотига миннатдорчилик билдирамиз».

«Маҳаллани асраб-авайлаш масаласида жамоатчилик масъулияти ва онгли ёндашувига таянган ҳолда, ушбу йўналишда илмий-реставрация ишларини давом эттирамиз», — деди Саида Мирзиёева.

Эслатиб ўтамиз, январь ойи охирида президент Шавкат Мирзиёевга Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида жойлашган Зарқайнар кўчасининг реновация лойиҳаси тақдим этилган эди. Лойиҳа ташаббускори, Mimar Group компанияси у ерда «Эски шаҳар руҳини сақлаб қолган ҳолда» туристик марказ ташкил этишни таклиф қилди.

Жамоатчилик вакиллари ушбу лойиҳани танқид қилиб чиқди. Human House галераяси асосчиси ва раҳбари Лола Сайфи Facebook ижтимоий тармоғида шундай деб ёзди:

«Агар Зарқайнар кўчаси хабарларда келтирилган лойиҳа бўйича қуриладиган бўлса, уни ўлдиришади. […] Ўтган йили мен шахсан муҳтарам шаҳар ҳокимимиз ва Mimar директорига ушбу лойиҳани бундай қилиб бўлмаслигини тушунтирган эдим. Омадим келди, ўшанда бу воқеа президентгача етиб борди. Жаҳонгир Абидович [Ортиқхўжаев] эса шахсан менга қўнғироқ қилиб, мен уни нотўғри тушунганимни ва у умуман уй бузишни истамаслигини айтди. У фақат эски уйлар ўрнига „чиройли уйлар“ ясамоқчи экан. „Қайси асрда уйлар керак, Лола опа? Сиз хоҳлаган асрни қурамиз. 17? Ўн саккиз? Қайси?“ Кейин 1,5 соат суҳбатлашдик. Менга у тушунгандек туюлди. Аммо у тушунмади ва бир йил ўтгач, у худди шу нарсани синаб кўрди, фақат профилда».

«57 миллион доллар эвазига (Mimar Group лойиҳаси бўйича Зарқайнар кўчасини реновация қилиш 58,5 миллион долларга баҳоланмоқда — таҳр.) нафақат битта кўчани, балки бутун Эски шаҳар ҳудудини маҳорат билан реконструкция қилиб, жозибадор жойга айлантириш мумкин. Бунинг учун бизда ҳамма нарса бор — меъморлар, археологлар, тарихчилар, этнографлар, рассомлар, ўлкашунослар, ҳунармандлар ва журналистлар», — дея хулоса қилди у.

Alerte Héritage маданий ёдгорлик обсерваторияси президенти Борис Чухович ташаббусни «Эски шаҳарга қарши янги зўравонлик лойиҳаси» деб атади. Унинг қайд этишича, «Эски шаҳар руҳини сақлаб қолиш»ни эълон қилган муаллифлар тарихни имитация қилишади ва унга Себзор эмас, балки «экзотик жануб, аниқроғи Ўрта ер денгизи аураси»ни беришади».

Бундан ташқари, у лойиҳа концепциясини Эски шаҳар экзотик сайёҳлик объекти сифатида кўрсатилган «қўриқхона» деб таърифлади.

«Муаллифлар «реновация» (аслида — қайта қуриш) ишлари олиб борилаётган ҳудуд аҳолисининг эҳтиёжларига лоқайд эканликларини яна бир бор намойиш этмоқдалар. Улар учун Зарқайнарда «ўзбек ҳаёти театри»ни қуриш учун бу ердан меросхўр туб аҳолини улоқтириб юбориш муҳимроқ», — дея тахмин қилди Борис Чухович.