Финляндия ҳукумати «Ўзбекистоннинг метеорология соҳасидаги салоҳиятини мустаҳкамлаш» лойиҳасини амалга ошириш учун Ўзбекистонга 2 млн евро миқдорида грант ажратилишини маъқуллади. Бу ҳақда «Дунё» хабар бермоқда.

Ўзбекистоннинг Ригадаги элчихонаси маълумотига кўра, грант лойиҳаси 2022−2025 йилларда амалга оширилиши белгиланган.

Лойиҳа Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати марказининг (Ўзгидромет) салоҳиятини модернизация қилиш, ходимларни илғор кўникмаларга ўргатиш, шу жумладан, табиий офатларни прогноз қилиш, соҳада ахборот хизматлари салмоғини ошириш, иқлим ўзгаришига мослашишни рағбатлантиришни назарда тутади.

Финляндия метеорология институти ва Ўзгидромет лойиҳа ижрочилари этиб белгиланди. Грант Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти талабларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Финляндия Ўзбекистонни 2024 йилгача мўлжалланган Марказий Осиё учун янги стратегияси доирасидаги минтақа мамлакатлари тараққиётини қўллаб-қувватлаш сиёсати соҳасидаги устувор шериклар рўйхатига киритди. Финляндия учта асосий йўналиш — қонун устуворлиги, барқарор иқтисодий ривожланиш ва табиий ресурсларни бошқаришни такомиллаштириш бўйича лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ниятида экани таъкидланмоқда.

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонга режалаштирилган умумий кўмак миқдори қарийб 28 млн долларга тенг.