Бухорода қурилиш корхонасидан пулини ололмаган эркак ўзини ёқиб юборди. Бу ҳақда Бухоро вилоят прокуратураси расмий баёнот берди.

Пешкў туманида яшовчи фуқаро март ойида қурувчи Р.Ш. га уй олиш мақсадида 150 млн сўм пул берган. Лекин Р.Ш. уйни расмийлаштириб бермаган. Шунда фуқаро пулларини қайтариб олишини айтган. 2022 йил 1 февраль куни такроран мурожаат қилган вақтда ҳам қурувчидн рад жавобини олган.

Сўнг ўша куни соат 14:10 ларда Бухоро шаҳар, «Фурқат» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ўзини устидан бензин сепиб, ёқиб, ўз жонига суиқасд қилган. Фуқаро ўзини ёқиб юборган пайтида унинг ёнида ўғли З.А. ҳам бўлган.

Ўша куни вилоят ИИБ навбатчилик қисмига фуқаро ўзини ёқиб, тан жароҳати олиб, РШТЁИМ Бухоро филиалига мурожаат қилганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.

Тиббиёт муассасасининг дастлабки маълумотномасига кўра, Ф.Ҳ танасининг 50% қисми куйган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 103-моддаси 1-қисми (ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Бу уч йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўлиши мумкин. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.