«Аэрофлот» авиакомпаниясига тегишли, Санкт-Петербург — Самарқанд йўналиши бўйича AFL-2870 рейсни амалга ошираётган самолёт Қозоғистонда мажбурий қўнишни амалга оширди, деб хабар берди Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

Бортида 56 нафар йўловчи бўлган ҳаво кемаси маҳаллий вақт билан 10:56 да Қизилўрда аэропортига келиб қўнган.

Самолёт йўловчилардан бири — Ўзбекистон фуқароси ўзини ёмон ҳис қилгани туфайли қўнишга мажбур бўлган. Таъкидланишича, йўловчи аёлга юракдаги муаммолари туфайли тиббий ёрдам зарур бўлган ва самолёт экипажи самолётни яқин аэропортда қўндириш қарорини қабул қилган.

Аэродромда қўниш амалга оширилгач, йўловчи аёл тез тиббий ёрдам машинасида малакали тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида тиббий муассасага олиб кетилган.

«Аэрофлот» самолёти 55 нафар йўловчилари билан Тошкент вақти билан 12:20да Самарқандга муваффақиятли қўнган.