Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси раҳбарлари бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қашқадарё вилоятидаги 6 та олий таълим муассасасини комплекс ўрганиб чиқди, деб хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Таъкидланишича, ўрганиш натижалари юзасидан масъуллар ва ҳудудда жойлашган ОТМлар раҳбарлари ҳамда профессор-ўқитувчилар иштирокида йиғилиш ўтказилган.

Йиғилишда ҳудуддаги қатор ОТМларда таълим сифати ва илмий салоҳият етишмаслиги, талабалар, ўқитувчилар учун зарур шарт-шароитлар яратилмагани, моддий-техник база билан тўлиқ таъминланмагани, ўқув жараёнини кредит-модуль тизими асосида ташкил этишдаги муаммолар кўрилган. Шунингдек, масофавий таълимни йўлга қўйишдаги камчиликлар танқид қилинган.

Хусусан, Қарши давлат университетининг Педагогика институти фаолияти қониқарсиз деб топилиб, директор, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари ва ўқув-методик бошқарма бошлиғига масофавий таълимни ташкил қилишда йўл қўйган жиддий камчиликлари учун ҳайфсан берилган. Муаммоларни бартараф этиш учун уч ойлик муддат қўйилган.

«Бугун масофавий таълим учун яратилган кўплаб махсус платформалар бўлатуриб, уч минг нафар талабани Telegram орқали ўқитяпсизлар. Ҳамма нарса телеграмда. Олий таълим муассасининг ўз платформаси йўқми? Бу нима аҳвол? Президентимизнинг озгина ташвишлари минг чандон тўғри эканлигига амин бўлиб кетяпман. Барчаси бўйича хулоса қилинади. Энди таълим сиёсатига ҳамма жавоб беради», — деган олий таълим вазири.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ олий таълим вазири ва Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи бошчилигидаги ишчи гуруҳ Ўзбекистондаги барча ОТМлар танқидий ўрганиши ҳақида хабар берган эдик.

Маълумот учун, 7 февралдан ОТМлар анъанавий таълим тизимига қайтмоқда.