Президент Шавкат Мирзиёев «Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат шарҳи «Ўзбекистон 24»да эфирга узатилди.

Хусусан, умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларига миллий мусиқа чолғуларидан камида биттасини чала олиш маҳорати ўргатилади ҳамда бу ҳақда уларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатлари (шаҳодатнома)га тегишли қайд киритилади.

Мусиқа фани ўқитувчиларининг миллий чолғулардан камида биттасини, 2023/2024-ўқув йилидан бошлаб эса камида учтасини чала олиш маҳоратига эга бўлиш мажбурий ҳисобланади.

Уларга асосий иш жойида иш ҳақини сақлаб қолган ҳолда, мусиқа фанидан дарс ўтиш ва тўгарак машғулотларини олиб боришга рухсат берилади. Мусиқа дарсларида «Ҳаётимга ҳамроҳдир чолғу» шиори остида «чолғу ижрочилиги» машғулотлари йўлга қўйилади.

Мактабларни ноталар тўпламлари ва махсус мусиқий адабиётлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. 2022−2024-йиллар давомида 10130 та мактаб, 323 та болалар мусиқа мактаби, 826 та маданият маркази 7 турдаги миллий чолғулар билан 3 тўпламдан таъминланади. Бунинг учун республика ва маҳаллий бюджетлардан тенг улушларда жами 205 млрд сўм ажратилади.

Шунингдек, ўқувчилар учун миллий мусиқа чолғулари, тасвирий ва амалий санъат, ҳунармандчилик йўналишларида амалий тўгараклар ташкил этиш учун 2022 йилнинг ўзида 92 млрд сўм маблағ ажратилади.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган чолғу асбоблари, овоз кучайтиргич мосламалари, техник жиҳозлар, чироқлар, махсус либослар Ўзбекистонга олиб кирилишига 2025-йил 25-январгача божхона божидан озод этилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 28-январь куни мактаб таълимини ривожлантириш бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида мактабни битирган бола камида битта касб билан бирга битта миллий чолғу асбобини чалишни билиши шартлигини айтиб ўтган эди.