3 февраль куни ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳон топшириш бўйича Тошкент имтиҳон маркази тақдимоти бўлиб ўтди. Пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида жойлашган мазкур имтиҳон маркази — ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш бўйича имтиҳон ўтказиладиган Ўзбекистондаги илк автоматлаштирилган имтиҳон мажмуаси саналади.

Тақдимотда сўзга чиққан Ички ишлар вазири ўринбосари, Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи Бекмурод Абдуллаев бундай марказларда имтиҳонлар тўлиқ инсон омилидан ҳоли тарзда, автоматлаштирилган электрон тизим орқали қабул қилинишини таъкидлади. «Бу эса ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни топшириши жараёнидаги коррупцион ҳолатларга чек қўяди».

«Энди тасаввур қилинг, агар имтиҳон тизими шаффоф ва адолатли бўлса, фақат ўқиган ва етарли малакага эга бўлган фуқароларгина ҳайдовчилик гувоҳномасини олса-ю, қолганлар ёппасига имтиҳондан йиқилишни бошласа, бу бизга нима беради? Биринчидан, бу тескари занжир реакциясини ҳосил қилади ва автомактаблардаги таълим сифати ошишига олиб келади. Чунки ҳозир автомактаблар асосан нархнинг арзон ва қимматлиги бўйича рақобатлашиб қолган, холос. Кўпчилик фуқароларни ҳам, автомактаблар маъмуриятини ҳам таълим сифати унчалик ўйлантирмай қўйган. Лекин эндиликда имтиҳондан пул, таниш-билиш орқали топширишнинг имконини қила олмагач, ўз-ўзидан ўқишга мажбур бўлади, масъулиятсиз автомактаблар эса ёки ишини йиғиштиради, ёки ва ниҳоят сифатли таълим беришни бошлайди», — деди Абдуллаев.

ИИВ вакили фақат етарли билим ва малакага эга ҳайдовчиларга гувоҳнома берилишни бошлагач, йўлларда ҳам ҳайдовчилик маданияти ошиши, йўл-транспорт ҳодисалари камайишига ишонч билдирди.

«Энди пули ёки таниши борлар эмас, фақат билими борларгина рулга ўтиради, йўлга чиқади ва биз бундан бошқасига рози эмасмиз ва бунга йўл ҳам қўймаймиз», — деди у.

Бекмурод Абдуллаев имтиҳон жараёнлари қатъий назорат остида, инсон омилидан ҳоли тарзда олиниши бошлангач, имтиҳондан йиқилувчилар сони ва бундан норозилар сони кўп бўлиши табиийлигини таъкидлади.

«Ҳозир кўп автомактабларимизда билим бериш сифати паст, бундан ташқари, минг афсуслар бўлсин-ки, ўқимасдан ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш мумкин эканлиги халқимизнинг онгига сингиб кетган ва инсонларнинг дунёқарашини бирданига ўзгартириш ҳам қийин масала. Кўпчилик ўқиш ўрнига таниш қидириши ҳам айни ҳақиқат. Бу каби имтиҳон марказлари иш бошлагандан сўнг ижтимоий тармоқларда имтиҳондан йиқилганлар (томонидан) эътирозли ҳолатлар кўпайиши, қолаверса, инсон омилидан ҳоли тизимнинг йўлга қўйилиши, айниқса, эски тизимдан манфаатдор айрим инсонларга ёқмаслиги табиий, аммо биз бунга руҳан тайёрмиз. Янги имтиҳон марказлари бўйича ҳар қанақа асосли эътироз ва танқидлар бўлса, биз буни тўғри қабул қиламиз ҳамда халқимизга, журналистларга, блогерларга доим очиқмиз», — дея хулоса қилди ИИВ вакили.

Таъкидланишича, 2022−2023 йилларда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш бўйича имтиҳон ўтказиладиган автоматлаштирилган имтиҳон марказлари қурилади ва ўз фаолиятини бошлаши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 26 январь куни давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ вазиятни танқид қилган эди. Статистика маълумотларига кўра, 2021 йилнинг ўзида йўлларда 2000га яқин инсон ҳалок бўлган. Президент ҳайдовчиларни тайёрлаш ҳамда имтиҳон тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқ берганди.