Андижон вилоятида айрим мактабларда кечаси соат 21:00 дан 22:00 гача уюшмаган ёшлар учун тадбирлар ўтказиш талаб қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Депутат Расул Кушербоев мазкур ҳолатга муносабат билдириб, Андижон вилоятининг қатор туманларидан мурожаатлар келаётганини, унда мактабларда кундузи етмагандек кечаси ҳам ўқувчи ва уюшмаган ёшларнинг вақтини мазмунли ташкил этиш учун тўгарак ва бошқа тадбирлар ташкил қилиш талаб қилинаётганини айтган. У эълон қилган тадбирлар режасида

«Масалан, компьютер ўйинлари ўйнаш, спорт билан шуғулланиш, китоб ўқиш, фильм томоша қилиш, дискотека ва ҳ.к. Ўқитувчилардан мактабда эрталабдан кечги соат 22.00 гача бўлиш талаб этилмоқда», — деб ёзди депутат.


Андижон шаҳридаги 47-мактабда кечаси ҳовлида фильм томоша қилаётган уюшмаган ёшлар. Фото: Расул Кушербаев.

Қолаверса, Расул Кушербаев «кечаси нима қиларини билмай юрган ўқитувчи ва ёшлар бу шароитдан жуда „бахтиёр“ бўлишса керак», деб киноя қилганди.

Мазкур ҳолат юзасидан Daryo нашри Андижон вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомиловнинг изоҳини эълон қилди. Мазкур муносабат ҳақиқийлигини Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати Лайло Рустамова «Газета.uz»га тасдиқлади.

Масъулнинг сўзларига кўра, 28 январь куни мактаб таълимига бағишланган видеоселекторда президент томонидан берилган топшириқ асосида мактабларда кечки тадбирлар ўтказилмоқда.

«28 январь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида мактаб таълимини ривожлантиришга бағишланган селектр йиғилиши ўтказилди. Унда маҳалларда жойлашган таълим муассасаларида аҳоли, айниқса, уюшмаган ёшлар учун мушоира кечалари, спорт тадбирлари ва маънавий-маърифий учрашувларни ўтказиш бўйича топшириқ берилганди. Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида шаҳар ва туман Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда халқ таълими бўлимлари ҳамкорлигида махсус жадваллар ишлаб чиқилган. Шунга асосан ҳар куни таълим муассасаларида соат 18:00 дан 22:00 га қадар турли тадбирлар ўтказиб келинмоқда», — деди Азизбек Миркомилов.

Шунингдек, у тадбирлар маҳалла етакчилари ва мактаб маъмурияти ҳамкорлигида ташкил этилаётганини қўшимча қилган. Таъкидланишича, мактаб директорларига ўқитувчиларни тадбирларга умуман жалб қилмаслик талаби қўйилган.

«Агарда қайси бир директор ўқитувчиларни мажбурласа, унга нисбатан тегишли чора кўрилиши таъминланади. Ижтимоий тармоқларда тарқатилган ўқитувчилардан мактабда эрталабдан кечги 22:00 гача бўлиш талаб этилаётгани ҳақидаги хабарлар асоссиз», — деди вилоят ХТБ бошлиғи.

Бундан ташқари, Азизбек Миркомилов Facebook`даги саҳифаси орқали вилоятдаги ҳамкасбларига мурожаат билан чиққан. «Орамизда, бунга ўқитувчилар мажбурланяпти деб жар солаётган айрим дўстларимиз ҳам борлиги очиғи мени қувонтирди, чунки иш бор жойда албатта, камчилик, турли зиддиятлар ва қарашлар бўлади», — деди у.

Шунингдек, вилоят ХТБ бошлиғи асосланмаган хабарлар тарқатаётганларга савол билан юзланди: «Ўша дўстларимизга савол сиз нимани ҳисобига асосланмаган хабарларни тарқатмоқдасиз, онлайн дарсни назорат қилдингизми ёки бирон ўқувчини ўзлаштириш жараёнини виждонан назорат қилдингизми?».

Азиз Миркомилов масала юзасидан эътироз билдирган ҳамкасбларини ғийбатчиликда айблади. «Сизларга иш бўлмаса, фақат гап ташиб, ғийбат қилсангиз, қани эди таълим сифатига ҳам ана шундай фидоийлик билан ёндошсангиз эди, Андижон таълими юксалармиди», — деди у.

У вилоят халқ таълими тизимига оид тармоқлардаги гуруҳларда юборилган расмларни блогерларга тарқатганларни танқид қилди. «Расмларни кимларгадир ташлаб бериб нима фойда кўрасиз, ўзингизни ишингизни уддалай олмасангиз, ҳеч бўлмаса ишлаганларга халақит бермай турсангиз яхшимиди», — дея таъкидлади бошқарма бошлиғи.

Масъулнинг таъкидлашича, «тадбирлар маҳалла етакчилари ва мактаб маъмурияти томонидан ташкил этилмоқда, виждонли ва диёнатли ўқитувчилар эса ўқувчиларининг ўзлаштириши билан банд». «Камчилик излаётган айрим бекорчиларга эса (устоз дейишга тилинг бормайди) инсоф тилаб қоламан, группалардаги расмларни ташишда давом этинг», — деди Азиз Миркомилов.

«Барча умумтаълим мактаблари директорлари маҳалладаги ёшлар етакчиларига қанот бўлинг, уларга ёшлар билан ишлашни ўргатиб мактабларимизни хақиқий маънавият ва маърифат ўчоғига, зиё масканига айлантиришда ҳеч ҳам чарчаманглар. Спорт зал ва майдонларимиз, компьютер хоналари доимий ёшлар билан гавжум бўлсин. Сизлардан янги хафтада янги ғоя ва ташаббусларни кутиб қоламан», — деди Андижон вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғи.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Бундан ташқари, Андижон вилояти ҳокимлиги 3 февраль куни Андижон вилояти Абу Али ибн Сино Жамоат саломатлиги техникуми жамоаси томонидан ташкил этилган кечки маданий дастур суратларини эълон қилди.

Суратларда техникум ҳовлисида ёши катталар билан бир қаторда ёш болалар ҳам олов атрофида ўтиргани тасвирланган.

«Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва уларни мазмунли дам олишларини ташкил этиш борасида гулхан атрофида ташкил этилган кўнгилочар мусиқий дастур маҳалла аҳолиси ўртасида катта таассурот қолдирди», — дейилган хабарда.