Асака туман ҳокимлиги масъул ходими ер майдони ажратиб бериш эвазига пора олган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов маълум қилди.

Ҳолат бўйича Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Андижон вилояти бошқармалари томонидан тезкор тадбир ўтказилган.

Асака туман ҳокимлиги Қишлоқ ҳўжалик бўлимига қарашли бўлган Ғ.Ёқубов массиви раиси Н.С. ушбу массивда жойлашган «О.А.» фермер хўжалигига қарашли ер майдонининг 30 сотихини фуқаро А.нинг номига «иссиқхона» қуриш ҳамда қишлоқ хўжалиги электрон харитасини яратиб, кейинчалик кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб беришига ишонтирган. Бунинг эвазига эса 15 000 АҚШ доллари сўраганлиги айтилмоқда.

Шундан 8000 долларни «Асака дехқон бозори» МЧЖ автотураргоҳида ўзининг бошқарувидаги «Gentra» русумли автомашинасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган, дейилади хабарда.

Гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 168 (ишончни суиистеъмол қилиш орқали ўзганинг мулкини қўлга киритиш) ва 28, 211-моддалари (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган.