Ўзбекистондаги барча ОТМлар танқидий ўрганилади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабар берди.

Хабарда айтилишича, ОТМларни ўрганиш Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ва Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев бошчилигида тузилган ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилади. Ишчи гуруҳ таълим муассасаларини 23 та мезон асосида танқидий, таҳлилий ўрганилади.

Бунда асосий эътибор олий таълимдаги ислоҳотлар, илм, фан ва ишлаб чиқаришдаги интеграциялар, ахборот-ресурс марказлари фаолияти, молиявий, академик мустақиллик берилган таълим муассасаларига амалий кўмак бериш, илмий салоҳият, таълим жараёнининг қай даражада ташкил этилганига қаратилади.

Шунингдек, масофавий таълим, кредит-модуль тизими, талабалар турар жойларида яратилган шарт-шароитлар, коррупцияга қарши курашиш ва шаффофликни таъминлашнинг таъсирчан механизмлари жорий этилганлиги каби мезонлар ҳам танқидий ўрганилиши айтилган.

Комплекс текширув олий таълим муассасаларининг таълим жараёнини тўғри йўлга қўйиш, таълим сифатини ошириш ҳамда илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этишга йўналтирилган, дея таъкидланган хабарда.