1 февраль куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Аданом Гебрейесус коронавирус устидан ғалаба қозонилгани ёки вируснинг тажовузкорлиги юмшаганига умид қилиб, карантин чекловларини юмшатишга ҳали эрта эканлиги ҳақида баёнот берди.

Унинг сўзларига кўра, вирус хавфи пасайган эмас ва ер юзининг кўплаб ҳудудларида ўлим кўрсаткичлари тобора ошиб бормоқда. Сўнгги 10 ҳафтада янги қайд этилган COVID ҳолатлари 2020 йилги кўрсаткичларни ортда қолдирган.

ЖССТ раҳбарининг таъкидлашича, мамлакатлар нафақат вакцина, балки арсеналидаги бор воситаларни ишга солган ҳолда ўз аҳолисини коронавирусдан ҳимоялаши керак.

«COVID-19`нинг янада кўпроқ тарқалиши кўпроқ ўлим демакдир. Биз ҳеч бир мамлакатни изоляцияга қайтишга чақирмаяпмиз. Аммо биз жамики давлатларни нафақат вакцина, балки арсеналидаги бор воситалардан фойдаланган ҳолда ўз аҳолисини коронавирусдан ҳимоялашга чақирамиз», — деди Тедрос Гебрейесус.

Янги «омикрон» штамми катта тезликда тарқалишда давом этаётган бўлса-да, шу ҳафтада дунёнинг кўплаб мамлакатлари касалланишнинг «пик» даражаси ўтгани ҳақидаги баёнотлар билан ички чекловлардан воз кечаётгани ҳақида хабарлар тарқала бошлади.

Хусусан, РИА Новости хабарига кўра, Британия, Мексика, Исроил давлатлари шундай йўл тутди. Шунингдек, Дания, Чехия ва Норвегия ҳам чекловлардан қисман воз кечди.

Аввалроқ, Зангиота шифохонаси директорининг Ўзбекистонда янги коронавирус ҳолатларининг 85 фоизи омикрон штаммига тўғри келаётгани ҳақида интервьюсини эълон қилгандик. Шифокор «коронавируснинг енгил формасида касалхонага ётишни тавсия этмаслиги, бунга сабаб қилиб эса „омикрон“ штаммида инсонда ўпка зарарланиши кузатилмаслигини» таъкидлаганди.