Ўзбекистонда ОИТС (СПИД) билан касалланган фуқароларнинг умумий сони 45 минг нафарга етди, деб хабар берди ЎзА.

Республика бўйича касалликка чалинганларнинг:

  • эркаклар — 55%;
  • аёллар — 45%;
  • 18 ёшга тўлмаган болалар — 14% ташкил этади.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятида ички миграция ҳамда аҳоли сонининг кўплиги ҳисобига ОИТС билан касалланиш кўрсаткичи юқори.

Республика ОИТСга қарши курашиш маркази қошидаги махсуслаштирилган юқумли касалликлар шифохонаси шифокорларининг сўзларига кўра, ОИТС 3 та йўл, жинсий, парентрал ва вертикал йўллар орқали бир одамдан иккинчи одамга юқади.

  • 18 ёшгача бўлган болалар орасида тарқалишида жинсий йўл билан юқиши истисно тариқасида олинади. Чунки болалар ҳали жинсий ҳаётни бошламаганликлари сабабли асосан поринтрал ва вертикал йўл орқали юқади.
  • Вертикал-ҳомиладорлик вақтида онада ОИТС бўлса, туғиш жараёнида чақалоғига юқтириши мумкин.
  • Парентрал-турли хил тиббий ёки нотиббий муолажаларни амалга ошириш вақтида тозаланмаган кесувчи ёки санчувчи жиҳозлар орқали касаллик болаларга юқиши мумкин.

Шунингдек, ҳозирда бу касаллик кўпроқ эркаклар орасида учрайди. Бунга сабаб сўнгги йилларда эркакларнинг хорижга ишлашга бориб, у ерда нотўғри турмуш тарзига берилиши, яъни жинсий алоқа йўллари орқали ОИТСни юқтириб олиши кўпайгани эканлиги айтилган.

«Улар ватанга, оиласига қайтганларидан сўнг аёлига юқтиришади. Ўзида ОИТС борлигини билмаган аёл фарзандига юқтириш эҳтимоли аниқланмоқда», — деди шифокор Фаррух Ҳамроев.

Шу билан бирга шифокор касалликнинг илк белгилари тана ҳароратининг кўтарилиши билан бошланишини, агар ўша ҳолатда ОИТС аниқланса, унга қарши курашиш осон бўлишини таъкидлади.

«Аниқланган ҳолатдан кейин ҳам даволанмаса, диспансер назоратида турмаса 5 йилдан сўнг ўзининг ҳар хил оқибатларини сездира бошлайди. Иммунитет тушганидан сўнг ҳар хил касалликлар — бирданига озиб кетиш, бесабаб ич кетиш, тез-тез шамоллаш, ўпка яллиғланиши, яъни пневмония, сил касалликлари, ҳар хил герпес тошмалар тошиши мумкин», — деди шифокор Нафиса Раҳимова.

Касалликнинг бир одамдан иккинчи одамга юқиши сабаблари ўрганилганда, «тиббий ва нотиббий муолажалар ҳам аҳамиятга эгалиги, кесувчи ёки санчувчи жиҳозлар ишлатилиши натижасида юқиш ҳолатлари учраши» келтирилган.

Гўзаллик салонларида ёки стоматологларда гигиенага амал қиладигани ҳам, қилмайдигани ҳам бор, — деди Нафиса Раҳимова. — Чунки спирт билан артган билан бу инфекцияни ўлдириб бўлмайди. Хусусан, гўзаллик салонларида амалга ошириладиган татуаж, татуировка, персилга ўхшаган нотиббий амалиётларида бемор одамга ишлатилган кесувчи жиҳоз стирилланмасдан бошқа одамга фойдаланилса, касаллик юқиши учун шароит яратиб беради.

Шифокорларнинг сўзларига кўра, барча никоҳланувчи ёшлар мажбурий равишда тиббий кўрикдан ўтиши белгиланган. Шу вақтда никоҳланувчи инсонларни беморлар ва соғломлар гуруҳига ажратиб олиш осон бўлади.

«Лекин сўнгги йилларда қонуний никоҳдан ўтмасдан, шаръий никоҳ орқали, иккинчи, учинчи оила қуриш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Мисол учун, бева аёл бошқа эркак билан иккинчи, яъни қўшхотинлик тарзида оила қурганида тиббий кўрик натижалари бўлмайди. Уларни ОРВИ статуслари номаълум бўлади. Натижада соғлом одамга бемордан жинсий йўл билан юқиш ҳолатлари ошиб боряпти. Бу ҳам ОИТСнинг тарқалишига сабаб бўлаётган омиллардан», — деди Фаррух Ҳамроев.

ОИТС аниқланган ҳар бир беморга касаллик оқибатлари, уни бошқаларга юқтирмаслик учун соғлом турмуш тарзига риоя қилишлари ҳақида тавсия берилади.

Таъкидланишича, бундай беморлар соқол, тирноқ олувчи ускуналардан алоҳида фойдаланишлари керак. Оила аъзолари ва бошқа шахслар бундан фойдаланиши мумкин эмас. Лекин бошқа шахсларга қасддан юқтириш ҳолатлари бўлса, унга нисбатан жавобшарлик белгиланган.

Маълумот учун Жиноят кодексининг 113-моддасига кўра, агар шахс ўзида ОИТС инфекцияси борлигини била-туриб ўзга шахсга касалликни юқтирса ёки юқтириш хавфи остида қолдирса, унга нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланган. Бу БҲМнинг 59 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиниши, ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишга сабаб бўлиши мумкин.

Аввалроқ, Бухорода аёл қарийб 40 кишига ОИТС юқтиргани учун 6,5 йилга қамалгани ҳақида ёзгандик.