Фото: Иван Золотухин
Ўзимни фойдали ҳис қиламан
Тоғ инструктори Иван Золотухин — ҳаёт ва иш ҳақида
Ўзимни фойдали
ҳис қиламан
Тоғ инструктори Иван Золотухин - ҳаёт ва иш ҳақида
Ҳудудлардаги аҳоли кўпинча фаровон ҳаёт излаб пойтахтга кўчиб ўтади. Когонлик Иван Золотухин, тенденциялардан фарқли ўлароқ, ташландиқ Янгиобод шаҳри яқинидаги тоғларга кўчиб ўтди. У «Газета.uz»га тоғ инструкторлиги фаолияти, ҳақиқий дўстлик ва янги уйида орттирган бебаҳо хотиржамлик ҳақида сўзлаб берди. «Инсон ўзини фойдали ҳис қилиши, жамиятга фойда келтириши керак, акс ҳолда ҳаёт бўшаб қолади», – деб ҳисоблайди у.
Когон
Одамларимизнинг менталитети, ака-укачилиги менга қанчалар ёқмасин, доим Когондан кетишни истардим. Бутунлай бошқа-бошқа миллатга мансуб инсонлар елкама-елка, эшикларга қулф урмай яшайдиган, ёпиқ дарвозаларни қўшниларга ишончсизлик сифатида қабул қиладиган халқнинг бунчалик жипслигини камдан-кам жойлардагина учратиш мумкин.

Бу ғайриоддий ҳодисани тушунтириш қийин ва уни қўшнилар бир-бирини танимайдиган Тошкентга нисбатан қўллаб бўлмайди. Буни англаш учун инсон Ўзбекистонда туғилиб-ўсган бўлиши керак. Тошкент эса Ўзбекистон эмас. Вилоятларда бутун мамлакатни билишади, пойтахт аҳолиси эса фақат пойтахт ва Чимённи яхши билишади.

Бугунги кунда Когон – 80 мингга яқин аҳолига эга шаҳарчадир. Мен Когонни жуда яхши кўрардим, лекин унинг менга ёққан бор нарсаси – ўтмиш акс-садоларидан иборат. Маҳаллий аҳоли катта шаҳарларга кўчмоқда, мамлакатни тарк этмоқда, Когонга эса камбағал қишлоқлардан оилалар кўчиб келмоқда. На иш, на ўйин-кулги, на тадбирлар ва на фаоллар бор.

Ўсмирлигимда ҳеч нарсам йўқ эди. Мен профессионал шуғулланган фақат брейкданс ва машғулотлар вақтида моматалоқ бўлган танам бор эди. Аммо бу спорт, афсуски, менда ўхшамади, чунки мен яшаб қолишим ва пул топишим керак эди.

14 ёшимдан бери ишлайман. Компьютер клубида админстраторликдан бошладим, 15 ёшимда қурилишда меҳнат қилдим, таъмирлаш ишлари билан шуғулландим, 17 ёшимда чўл ичкарисига кетдим ва Бухоро вилоятидаги Аякагитма кўлида балиқчилик саноатида ишладим. Бу, эҳтимол, дунёдаги энг қийин иш бўлса керак.

Фотосуратларнинг тавсифларини ўқиш учун уларнинг устига босишингиз мумкин.

Ҳар доим тенгдошларимдек яшашни хоҳлардим: 17 ёшда қизлар билан сайр қилиш ва дўстлар билан ўтиришни. Мен эса алоқасиз, сув ва газсиз ўтирардим. Электр ўрнига – мойчироқ. Кундузи ўтин йиғиш керак. Чўмилиш – тақдирнинг совғаси эди. Энергиядан тўлиқ узилган жой. Ҳаттоки дунё янгиликлари ҳақида ҳам худди қадим замонлардагидек – келган хабарчилардан билиб олардингиз. 19 ёшгача шундай ишладим.

Охирги саккиз йил давомида Когонда фотолабораторияда ишладим. Бу менинг комфорт зонам эди, турғун, бўш ва бир хил ҳаёт эди, мен ундан чиқиб кетишни хоҳлардим, лекин туртки етишмасди.
реклама
реклама
Яқин бир танишим доим Янгиобод тоғлари: 15 йил аввал бу шаҳардан қандай қилиб квартира сотиб олгани ва ҳар ёзда ота-онасини у ерга таътилга жўнатиши ҳақида гапирарди. Мен унинг ҳикояларини доим мароқ билан тинглардим ва ўзим ҳам ўша ерларда яшаётгандек тасаввур қилардим. Тоғлар доим мени ўзига тортган, лекин уларни ўз кўзим билан кўриш имконига эга бўлмаганман.
Бу ерлар мен учун жуда сокин
2016 йилда шу одам менга: «Ота-онам ўша ерда, Янгиободга бор», деди. Шундай қилиб, мен биринчи марта унинг ўғли ва жияни билан тоққа отландим. Жуда чарчагандим, яшаш шароитлари оғир эди. Биз у ерга 12 кунга бордик. Дастлабки уч кун транс ҳолатида юрдим. Телефон алоқаси ўшанда бу жойларда умуман йўқ эди. СССРга келгандек туюлди менга: ҳамма жойда совет шиорлари, «Универмаг» ва машҳур «Мясо. Молоко. Рыба» ёзувли пешлавҳалар. Шунингдек, квартиранинг бир томонида дераза тупроқ остида, бошқа томонида эса иккинчи қават баландлигида жойлашган ушбу ажойиб архитектура чўлдан келган одам учун жуда ҳайратланарли эди.

Фото: mytashkent

Июнь ойи эди. Яқинлардаги тизмага чиқдим ва ушбу панорамани кўрдим – тоғларни фақат расмларда кўрган одам эдим. У ерда эса ўт-ўланлар, турфа гуллар, яшилликлар, бу ифорлар. Мен учун сокин бўлган бу ерларда ўтмиш ҳақида ўйламаслигимни тушуниб етдим. Узоқ вақтлардан бери илк бор ўзимни хотиржам ҳис қилдим. Бу ерда яшашни хоҳлайман деган фикр миямда туғилди. Майли, инфратузилма бўлмасин, ёшлар бўлмасин, умуман, одамлар кам бўлсин.

Шундай қилиб, Янгиобод бўйлаб ўзим айланишни бошладим, маҳаллий аҳоли вакили, тоғ сайёҳи ва альпинист Григорий Мартюшев билан танишдим ва у менга денгиз сатҳидан 3555 м баландликдаги маҳаллий Бобойтоғ чўққисига чиқишимни таклиф қилди.

Мен рози бўлдим. Бир кунда деярли чуқурликда жойлашган Когондан Янгиободга йўл олиш ва 1000 метрдан зиёд баландликни забт этиш – ажойиб қарор эди. Шаҳарда уч соатга яқин ухладим ва биз кўтарилишни бошладик. Тахминан 2500 м баландликда менда тоғ касаллиги бошланди.
Инсон соғлиғига қараб касаллик 1500 м баландликда ўзини намоён қилишни бошлайди. Кислород етишмаслигидан бош оғриғи бошланади, агар бирор чора кўрилмаса, юракда оғриқ, ваҳима хуружлари, галлюцинациялар, агония, пневмония ва мия шиши қўшилади, шундан кейин ўлим содир бўлади. Бундай ҳолатда баландликни кескин тушириш керак – бу инсон ҳаётини сақлаб қоладиган энг минимал чора.

Менда аллақачон галлюцинациялар бошланганди, жуда ёмон бўлди, юрагим портлайди деб ўйладим, лекин Гриша мени «Янгиобод» турбазасига олиб тушди.

У доим қандайдир Камил ҳақида гапирар, уни ажойиб чанғичи ва спортчи дерди. Бу одам ким экан-а деб ўйлардим. Камил Тўхтаев – турбаза хўжайини Али Тўхтаевнинг ўғли. Биз у билан илк кунларданоқ дўст бўлиб қолгандик. Когонга қайтиш рейсимгача беш кун қолган ва бу вақтни тоғда ўтказишни режалаштиргандим. Ўз поездимни қаердадир кутишим керак эди. Камил: «Турбазада қол», — деди.
Иван Золотухин Камил Тўхтаев билан
Август эди. Турбазада чанғичи болаларнинг йиғинлари бўлиб ўтди. Улар жуда хурсанд эдилар. Мен ҳеч қачон дам олиш оромгоҳларида бўлмаганман ва болаларнинг биргаликда вақтни қандай ўтказишларини кўрдим: улар навбатчилик қилишади, машқ қилишарди, тозалашарди, кулишарди. Мен бу ерга сингиб кетдим.

Ўшанда мен нима истаётганимни билмасдим, ҳеч қаёққа интилмасдим. Мен қашшоқликда ўсганман, шунинг учун 25 ёшимда ўзимга Европада яшашга ва ажойиб машина ҳайдашга ваъда берганман. Бир куни кечқурун Али Тўхтаев билан дилдан суҳбатлашдик ва мен ҳеч нарса йўқотилмаганини, барчаси ўз қўлимда эканлигини тушундим. Ўзимизнинг юртимизда ҳам муваффақиятга эришиш мумкин.

Когонга аллақачон сотиб олган чиптам билан поездда келдим. Кейин Янги йилни нишонлаш учун турбазага қайтиб келдим. Тонггача рок-н-ролл рақсига тушдик ва ўйнаб-кулдик.

2018 йилнинг баҳорида фотолабораториямиз ёпилди. Пулсиз ва ишсиз қолган вақтларим эди, лекин бу ҳақда ҳеч кимга айтмадим. Камил менинг аҳволимни кимдандир билиб олибди ва жим юрганлигимдан ҳайратда қолди. У менга ўз ёрдамини таклиф қилган ягона инсон бўлди ва: «Чамадонингни йиғиштириб, олдимизга кўчиб кел. Ишлаймиз ва тоғ туризмини ривожлантирамиз», – деди. Ўйлаб ҳам ўтирмадим.
Денгиз сатҳидан 1500 метр баландликда
Одамларни тоғларга олиб чиқишни бошладим ва турбаза жамоаси билан биргаликда табиатни асрашга киришдим. Ишимизни Ватанимизга бўлган муҳаббатнинг бир кўриниши, деб биламан. Биз у учун кўп ишлар қиламиз, гарчи бу сезилмаса ҳам.

Даранинг тахминан 7 км узунликдаги қисми тўлиқ турбаза ҳимояси остида жойлашган. Биз тоғларни ҳимоя қиламиз ва зарурат туғилганида тоғ сайёҳларини қутқарамиз. Бунинг учун бизга пул ҳам, орден ва медаллар ҳам берилмайди. Бизнинг жамоамиз бу ҳудудни чўпонлардан ҳам ҳимоя қилади – бу мамлакатнинг асосий муаммоларидан, менимча. Чорва йўлидан чиққан ҳамма нарсани пайҳон қилади. Чорвачилик аллақачон Чимёнга ўчмас таъсир кўрсатган. Бу нафақат чўлланишга, балки сел оқимларининг пайдо бўлишига ҳам олиб келади.

СанПиНларга кўра, ичимлик суви манбалари яқинларида чорва молларини боқиш тақиқланган. Турбаза Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси инспекторлари билан биргаликда чўпонлар томонидан қонунчиликнинг бузилишига қарши курашади. Бироқ биз табиатни фақатгина чегараларимиз доирасида қўриқлай оламиз. Биз қўриқлаётган ҳудуд чегараларидан бир неча километр узоқликда сой бўйларида чўпонлар қўйларининг жунларини қиришади, ҳамма ёқ ифлос. Оқим бўйлаб қуйироқда эса стратегик объект – Янгиобод ва Дукент аҳолиси сув ичадиган водозабор жойлашган.
Бобойтоғ тепасидан Оҳангарон сув омбори ва Қурама тоғ тизмасининг кўриниши, Ўзбекистон ва Тожикистон чегараси
Ўтган йили Камил Тўхтаев ва дўстимиз Рауф Халилов билан биргаликда ишимизнинг ўз юзи бўлиши керак, деган қарорга келдик ва Red Stone клубини ташкил этдик. Унинг номиёқ гап тоғ ҳақида эканидан дарак беради. Янгиобод осмонида юлдузларга қараб, клубимиз қандай бўлишини орзу қилганимизни эслайман. Биз ном ҳақида узоқ вақт ўйладик. «Стихия», «Архар» (тоғ қўйи) ва «Секач» (ёввойи тўнғиз) вариантларини кўриб чиқдик, лекин кейин интернетда қидириб, МДҲда ҳар иккинчи тоғ клуби шундай деб аталишини билдик. Бу ишни ташлаб қўйдик ва кейинроқ бу ном ўз-ўзидан йўлимиздан чиқди.
реклама
реклама
Ўзим ҳар куни юрадиган сўқмоқ бўйлаб бир гуруҳга раҳбарлик қилар эканман, қояларга назар ташладим. Бу Қизилдара тоғи эди – тоғдан чучук сув оққани учун у қизил тусда. Ахир биз қизил тоғлар орасида яшаймизку, деган фикр ярқ этиб хаёлимга келди. Бу қояларнинг учлари турбазадаги асбоб-ускуналар ижарага бериладиган хона ойнасидан кўриниб туради. Унинг кўринишини клубимиз логотипида тасвирладим.

Red Stone мақсади – тоғ туризмини, жумладан, экстремал спорт турларини ривожлантириш, болаларда тоғларга меҳр, табиатни муҳофаза қилиш ва асраш туйғуларини шакллантириш, уларни спорт руҳида тарбиялашдан иборат.
Одамлар: «Сиз тоғда қандай яшайсиз, у ерда пул ишлаб тополмайсиз-ку?» – деб сўрашади. Лекин мен турбазада яшайман, денгиз сатҳидан 1500 метр баландликда, кунига уч марта ресторанда овқатланаман.

Менинг куним мавсумга ва ўзим тайёргарлик кўраётган мусобақаларга қараб ҳар хил ўтади. Мусобақаларга тайёргарлик кўраётганимда режимга риоя қиламан, кунига икки марта машқ қиламан ва камроқ ишлайман.
Қишда мен асбоб-ускуналар ижарасини юритаман, ёзда одамларни сайрга олиб чиқамиз ва 35 метр баландликдан арқон билан сакраш – роуд жампинг ташкиллаштирамиз.

Бўш вақтларда турбазада қурилиш майдончасидагиларга ёрдам бераман, чунки мен унга ўз уйимдек муносабатда бўламан. Ўтган ёзда бизда деярли поход бўлмади, шунинг учун мен сакраш жойида фотосуратчи сифатида ишладим.
Бу йил баҳорда улкан Red Stone Camp лойиҳасини ишга туширишни режалаштирмоқдамиз. Бу охири қайинзор билан тугайдиган 14 км узунликдаги гўзал ва баъзи жойлари мураккаб маршрут бўлади. У жойга тор, баъзи ерлари ноқулай ва хавфли сўқмоқ олиб боради. Ушбу походга гуруҳларни олиб чиқиш учун мазкур сўқмоқни хавфсизроқ қилиш, дарё бўйлаб бир нечта ўтиш жойларини қуриш керак.

Рауф билан аллақачон сўқмоқда қазиш ишларини бошлаб юбордик. Совуқ тугаши билан яна ишга киришамиз. Икки ёки уч ойлик узлуксиз иш. Турбазадан узоқлашмагунча тунаш учун қайтиб келамиз. Аммо кейинчалик чодирлар, озиқ-овқат ва оғир асбоблар билан бир неча кеча-кундуз тоғларга чиқиб кетишга тўғри келади.

Ушбу походлар иштирокчиларига жиҳозлар берилади. Қайинзордан қора тошлар ва шаршаралар бўлган гўзал жойларга боришимиз мумкин.

Шунингдек, турбазадан бир неча километр узоқликдаги арчазорда мўъжаз оромгоҳ қурамиз. Биз аллақачон у ерга айвончалар, ходалардан ўриндиқлар ва катта стол ўрнатдик, бир нечта ўчоқлар қурдик. Аммо тоғ сайёҳлари буларнинг барчасини ўтин учун чопиб ташлашибди, арчаларни ҳам унутишмабди, чиқиндилар ташлаб кетишибди. Булар – одамларимизнинг табиатга ва инсон меҳнатига муносабатининг ёрқин мисолидир.

Бу лойиҳаларнинг барчасини ишга тушириш ва виа феррата (уни енгиб ўтишга ёрдам берадиган металл конструкциялар билан жиҳозланган қояли ҳудуд – таҳр.) қуриш учун асбоб-ускуналар ва жиҳозлар сотиб олишимиз керак. Чодирлар, уйқу қопчалари, тоғларда ишлаш учун асбоблар, карабиналар ва арқонлар – буларнинг барчасини тўғридан-тўғри Россия ёки Қирғизистондан буюртма қилиш керак. Тошкентда ҳамма нарсани жуда қиммат нархларда сотиб олиш мумкин. Божхона тўловлари бунчалик шафқатсиз бўлмаганида, анча осон бўларди.
Янгиобод тоғлари тошкентликлар орасида унчалик машҳур эмас. Кўпчилик учун шаҳардан 120 км масофа – узоқ йўл. Ҳа Чимён, СССР давридан бери дам олиш жойи бўлган, Янгиобод эса умуман ёпиқ шаҳар эди. Иттифоқ парчаланганидан кейин йўллар аста-секин яроқсиз ҳолга келди. Яқинда Ангрендан Янгиободгача бўлган йўл янгиланди ва энди машинангизни аяшга ҳожат йўқ.

Оммабоп бўлмагани учун ҳам бу жойларда инфратузилмалар мавжуд эмас, шаҳарда ҳатто дорихона ҳам йўқ. Ҳаммасини Ангрендан олиб келиш керак. Уяли алоқа вақти-вақти билан ишлайди, шунда ҳам барча операторларда эмас.
реклама
реклама
Янгиобод тоғларининг оммабоп эмаслигини йўққа чиқариб, улар ҳақида сўзлаб беришга ҳаракат қиляпмиз. Дарҳақиқат, мен декабрь ойида Икуо Хираяма халқаро маданият карвонсаройида бўлиб ўтган биринчи фотокўргазмамни айнан шу мавзуга бағишладим. Унда нафақат ўз ишларимни, балки Ўзбекистон табиатини ҳам кўрсатишни хоҳладим. Суратларнинг ярми эса Янгиободда олинганди.
Эҳтимол, бу жой оммалашса, қандайдир инфратузилмалар пайдо бўлса, Чимёндаги каби табиат таназзулга юз тутиши мумкин. Аммо биз табиат таназзулининг олдини олишга бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз. Биз томонларга сайёҳлар кам келади, лекин шунда ҳам чиқиндилар бор. Айланиб, териб юрамиз. Балки келажакда ифлосланишни назорат қилиш учун янада кўпроқ ҳаракат қилишга тўғри келар.

Тоғларда қуёш ботишини, қуёш чиқишини соғинаман. Биз дарада яшаймиз, шунинг учун ҳар куни эрталаб қуёш тоғ ортидан чиқади ва кечқурун унинг ортидан ботади. Баъзан уфқнинг пуштиранг нурлари турбаза осмонига қадар ёйилади ва мен шу пайт Тошкентда қуёш ботиши нақадар гўзал эканлигини тасаввур қиламан.
Ўзбекистон Иван Золотухин нигоҳида
Мен ҳаётда ҳамма нарсага провокациялар шарофати билан эришдим. Чунки менга: «Сени қўлингдан келмайди» деб айтишарди. Мен эса ўзимга энг яхши дўстдек ишондим: қила оламан.

Мен ҳар доим суратга олишни хоҳлаганман. Марҳум амаким фотоҳаваскор эди, у «Зенит» билан суратга туширарди ва фотосуратларни ўзи юварди. Менинг фотосуратчиликка бўлган меҳрим шундан. Албатта, менда ҳатто «мыльница» сотиб олишга ҳам имконият йўқ эди. Эски «Нокиа»да суратга туширар, булар дурдона суратлар, деб ўйлардим ва улар мени бўлажак тоғ фотографи деб аташганида хижолат тортардим. Лекин бир кун келиб Ватанимиз марказида кўргазмам очилишини ҳам билардим.

Кўргазмам учун мавзу сифатида табиатни танладим. Бутун болалигим Когонда ўтди, юртим қандай кўринишга эга экан, деб ўйлардим. Ва мен табиатни уни севадиган одамларга кўрсатишни хоҳладим. Қачондир ушбу фотосуратларимни болалигимда бўлгани сингари бу каби жойларга ўзлари бора олмайдиган болалар билан баҳам кўришни хоҳлайман.
Менга ишим ёқади. Одамларга тоғларимиз ва мамлакатимиз ҳақида сўзлаб бераётганимда, она заминимиз табиатини асраётганимда ва тоғ инструктори сифатида ўз маҳоратимни ошираётганимда ўзимни фойдали ҳис қиламан. Инсон ўзини фойдали деб ҳис қилиши керак, жамиятга фойда келтириши лозим, акс ҳолда ҳаёт бўшаб қолади. Инсонийлик ҳам – шахсиятини ривожлантиришнинг мазмуни ҳам шунда. Назаримда, агарда ҳар куни ўз машғулотларингда ривожланмас экансан, уларга вақт ажратишдан маъно йўқ.

Ҳозир турбазадаги илк вақтларимдагидек ўзимни хотиржам ҳис қилолмаяпман, бироқ қалб хотиржамлиги ҳақида орзу қиламан. Албатта, ўз ҳолатимни бир неча йил олдингиси билан таққосласам, фарқ жуда катта. Энди қандайдир аниқ қарашлар ва йўналишлар мавжуд. Аммо одам қаерда бўлмасин, хилма-хиллик вақт ўтиши билан бир ҳалқага айланади ва одатий ҳолга келади.

Мен тоғларда ўз уйимни топдим, лекин ҳали ҳам Калифорнияга, ундан ҳам яхшироғи – океан, ўрмонлар ва қорли тоғлари бор Гавайига боришни орзу қиламан. Ҳозирча эса менинг иккита уйим борлигини ҳис қилман: Когон – мен камдан-кам борадиган ўтмишдаги уйим ва турбаза – ҳозирги.
Тоғлар мукаммал. Кимдир тоғлар инсонларга орзуларнинг кўриниши қандай эканини кўрсатиш учун яратилган, деганди. Мен эса уларни ибодатхона деб атайман, чунки уларда қандайдир хотиржамлик, орзу, мақсад, одамлар ва ўз ишимни топдим.

Тоғларда менга ёқмайдиган ягона нарса, бу – улар баъзан умрни ейди. Бундай бир ибодатхонанинг бу қадар шафқатсиз эканини тан олиш унчалик ҳам ёқимли эмас. Тасалли шундаки, фақатгина тоғлар умрни емайди. Ҳаёт ҳамма жойда умрни ейди.
Шахтёр ва Бобойтоғ чўққилари
Энг асосийси – ҳаётнинг қадри ҳаётнинг ўзида эканлигини унутмаслик ва ҳар ўтган кундан завқ олишда. Бахт, бу – дунёга икки кўзинг билан қарашинг, нафас олишинг, ўз оёқларинг билан тоғларга чиқишинг. Токи тирик экансан, миллионлаб имкониятларинг бор.
Матн: «Газета.uz»
Фотосуратлар муаллифи Иван Золотухин
Матнга бўлган барча ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли.
«Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг