Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Россиянинг «Герофарм» биотехнология компанияси 1 февраль куни Москвада инсулин дори воситаларини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш лойиҳасини шакллантириш бўйича амалий чора-тадбирларни бошлаш тўғрисида битим имзоладилар, деб хабар берди ИТСВ матбуот хизмати.

Ҳужжат Ўзбекистон ИТСВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва «Герофарм» компанияси ўртасида Ўзбекистонда инсулин ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳасини ҳаётга жорий этиш бўйича ишчи гуруҳ тузишни назарда тутади.

Тез орада томонлар лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ва муддатларни ўз ичига олган «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиб тасдиқлайдилар.

Лойиҳани амалга оширишдан кўзланган мақсад, қандли диабет билан оғрийдиган беморлар учун бир қатор муҳим дори воситаларининг оммабоплигини сезиларли даражада ошириш ҳамда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимининг ушбу дорилар импортига қарамлигини камайтириш эканлиги таъкидланган.

Aввал хабар берганимиздек, январь ойи охирида Ўзбекистон президенти «Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди. Ҳужжатга кўра, қандли диабетнинг биринчи тури билан касалланган беморлар 25 ёшгача бўлган даврда инсулин аналоглари ҳамда ўзини-ўзи назорат қилиш воситалари билан, 25 ёшдан ошган, шунингдек, қандли диабетнинг иккинчи турига чалинган беморлар одам инсулини билан бепул таъминланиши белгиланган. Қандли диабет билан касалланган беморларга шунингдек, десмопрессин, ўсиш гормони ва метформиннинг ҳам бепул берилиши белгиланган.