Япония ҳукумати БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликдаги «Ўзбекистоннинг Фарғона водийсида мева-сабзавот маҳсулотларини етиштирувчиларининг тирикчилиги учун иқлим ўзгаришига бардошли бўлган маблағ манбаларини яратиш» қўшма лойиҳасини амалга ошириш учун 956 минг 147 АҚШ доллари ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда БМТТД матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Бир йилга мўлжалланган лойиҳа 2022 йилнинг март ойида ишга туширилиши режалаштирилган ва у Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази ва Фарғона водийсидаги маҳаллий ҳамкорлар билан амалга оширилади.

Лойиҳа мақсадларига Фарғона водийсида агрометеорологик станциялар тармоғи кенгайтирилиши, масофавий қамров ва замонавий моделлаштириш асосида агрометеомониторинг учун ақлли операцион тизимни ишлаб чиқилиши, ҳамда башоратлаштириш ва эрта огоҳлантириш тизимлар ишончлилиги оширилиши орқали эришилади.

Лойиҳа қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришининг таъсири ва оқибатларига мослашувига, ҳамда Фарғона водийсида иқлим ўзгаришига бардошли бўлган ривожланиш туфайли ҳавога ташланаётган иссиқхона газлари даражасини нолга етказишга ҳисса қўшиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил Глазгодаги саммитда Иқлим бўйича Париж шартномаси доирасида Ўзбекистон ҳавога ташлашларни қисқартириш бўйича режаларини 300 фоизга етказди, 2030 йилга бориб иссиқхона газларини ЯИМ бирлигига солиштирганда ташланишни 2010 йил даражасига нисбатан 35 фоизга қисқартиришни режалаштирмоқда (олдинроқ 10%га қисқартириш режалаштирилган эди). Мослашув чоралари қишлоқ ҳамжамиятларини иқлим ўзгаришининг салбий таъсирларидан ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ҳаракатларни қамраб олади.

Ирригация мақсадлари учун сув билан таъминланиш бўйича башоратлаш ва эрта огоҳлантириш тизими қишлоқ хўжалиги экинларини асослаб режалаштирилган экишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Шу муносабат билан, лойиҳа Фарғона водийсида мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш билан шуғулланувчи ҳамжамиятларга агрометеорологик ахборот хизматларини тақдим этишга қаратилади. Уларга башоратлашнинг такомиллаштирилган кузатув маълумотлари ва иқлимга чидамли бўлган мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш бўйича тегишли маслаҳат хизматлари тақдим этилади, ҳамда улар иқлимни ўзгарувчанлиги мева ва сабзавот экинларини етиштиришни режалаштиришга кўрсатадиган таъсири ҳақида билимларга эга бўладилар. Шунингдек, лойиҳа трансчегаравий ҳудудлардаги кузатувлар натижасида олинган гидрометеорологик ахборотни алмашиш соҳасида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали Фарғона водийсида яшовчи қўшни давлатлар ҳамжамиятларига ижобий таъсир кўрсатади.

Хусусий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай чоралар коронавирус пандемиясидан кейинги даврда хусусий мева-сабзавот бизнесини тикланишида иқлим хатарликларидан муҳофаза қилишда энг муҳим ва зарур ҳисобланади, дейилади хабарда.

Ўзбекистонда 1951 йилдан бери кузатилаётган иқлим илиши жараёнлари жаҳондаги ўртача кўрсаткичлардан икки карра баландроқ бўлиб чиқди ва кенг кўламли иқлим хатарликлари мавжудлигини кўрсатди, дея таъкидлайди БМТТД.

Айниқса мураккаб вазият Оролбўйи ҳудудида ва Фарғона водийсининг шарқий қисмида юзага келди, бу ерда қурғоқчилик, чўлланиш ва экстремал мавсумий об-ҳаво ҳодисалари иқлим ўзгариши билан янада мураккаблашмоқда ва маҳаллий аҳолининг асосий фаровонлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солмоқда.

«Ҳосилдорлик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари унумдорлиги пасайишининг олдини олиш, ёрдамга энг муҳтож аҳоли гуруҳларини тирикчилиги учун воситалар ва озиқ-овқат билан таъминлаш учун қишлоқ хўжалиги секторида зудлик билан илмий жиҳатдан асосланган мослашув чораларини қўллаш зарур», — дейилади хабарда.