Европа ҳудудида ишсизлик даражаси рекорд даражада пасайди

Евростат маълумотларига кўра, Евроҳудуд мамлакатларида меҳнатга лаёқатли аҳолининг 11,48 млн нафари (7%) ишсиздир. Бу кузатувлар тарихидаги рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Декабрь ойида Европа Иттифоқининг 27 давлатида 13,6 млн — 6,4% фуқаро ишсиз эди.

«Европа ҳудудида 2021 йилни — Иккинчи Жаҳон урушидан кейинги энг ёмон рецессиядан кейинги йил — ишсизлик даражаси энг яхши кўрсаткич билан якунлади. Бу бизнинг инқирозга жамоавий жавобимиз муваффақиятидан далолатдир», — деди Европа Иттифоқининг иқтисодий масалалар бўйича комиссари Паоло Жентилони.


АҚШнинг ташқи қарзи 30 трлн доллардан ошди

АҚШ Ғазначилиги эълон қилган маълумотларга кўра, мамлакат давлат қарзи биринчи марта 30 трлн доллардан ошди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

Америка нашрлари билан суҳбатлашган молиявий экспертларга кўра, бу Вашингтонда кутилганидан бир неча йил олдин содир бўлган.

«Бу федерал ҳукумат томонидан коронавирус пандемиясига қарши кураш учун трлн долларлик сармоя, жумладан, 5 трлн доллар кенгайтирилган ишсизлик нафақалари, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари ва рағбатлантирувчи тўловлар натижаси бўлди», — The New York Times.

Аксарият иқтисодчилар рекорд даражадаги давлат қарзи фалокатдан дарак бермаслигини қайд этишди, чунки биринчи навбатда АҚШ иқтисодиёти пандемияга қарамай ўсиб бормоқда ва фоиз ставкалари пастлигича қолмоқда.


Борис Жонсон рус аскари Украина ҳудудига қадам босиши биланоқ санкциялар жорий қилишини маълум қилди

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон Украина президенти Владимир Зеленский билан бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Ғарб давлатлари Россия Украинага бостириб кирса, унга қарши зудлик билан санкциялар жорий этишига ваъда берди.

Шунингдек, у АҚШ ўз санкцияларини Европа ва Буюк Британия билан бир вақтда жорий этишига умид билдирди.

«Биз, шунингдек, бошқа давлатлар билан биргаликда Россия аскарининг оёғи Украина чегарасини кесиб ўтиб, Украина ҳудудига қадам қўйишга қарор қилган дақиқада ишга тушадиган санкциялар ва бошқа чоралар тўпламини тайёрлаяпмиз», — деди Жонсон. Унинг қайд этишича, Европа бу масалада АҚШ билан бирдамликка умид қилмоқда.


Тожикистон Афғонистонга гуманитар ёрдам жўнатади

Тожикистон тез орада Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами сифатида озиқ-овқат етказиб беради. Бу ҳақда республика ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддинга таяниб ТАСС хабар берди.

«Тожикистон ҳукумати халқаро ташкилотлар орқали афғон халқига озиқ-овқат етказиб бериш кўринишида гуманитар ёрдам кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилди», — деди вазир. Унинг аниқлик киритишича, айни пайтда республиканинг тегишли вазирлик ва идоралари томонидан ёрдам шакллантирилмоқда ва тез орада уни етказиб бериш бошланади.

Вазир таъкидлаганидек, Тожикистон «шунингдек, халқаро ташкилотлар томонидан Афғонистонга гуманитар юкларни етказиб бериш учун тожик-афғон чегарасидаги олтита кўприкни ўз ичига олган логистика инфратузилмасини тақдим этишга тайёр». Унинг қўшимча қилишича, БМТ ҳозирданоқ Тожикистон назорат пункти орқали ёрдам етказмоқда. «Биз Тожикистон билан чегарадош ҳудудлардаги афғон аҳолисига ҳам тиббий хизмат кўрсатамиз, Афғонистонга, хусусан, шимолий вилоятлар ва Кобулга узлуксиз электр энергияси етказиб беришни давом эттирмоқдамиз», — деди вазир.


«Толибон» илк бор аёлларни бошқарув лавозимига тайинлади

«Толибон» Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритганидан кейин биринчи марта аёлларни раҳбарлик лавозимларига тайинлади. Бу ҳақда ахборот ва маданият вазири ўринбосари Забиҳулло Мужоҳид ўзининг Twitter'ида эълон қилди.

«Муваққат Вазирлар Маҳкамаси раҳбарининг буйруғи билан доктор Малалай Раҳим бутун мамлакатдаги ягона акушерлик ва гинекология муассасаси бўлган [Кобулдаги] ихтисослаштирилган Малалай туғруқхонаси директори этиб тайинланди», — дейилади хабарда.

Ўз навбатида, доктор Арян пойтахтнинг Шаҳрор кварталидаги гинекология клиникасига директор этиб тайинланди.


Арманистонда янги президент сайланади

Арманистон президенти этиб амалдаги юқори технологиялар саноати вазири Ваагн Хачатурян сайланади, деб ёзди Коммерсантъ.

Хабарга кўра, унинг номзоди тасдиқланмаслигининг деярли ҳеч қандай имкони йўқ. Конституцияга кўра, президент парламент аъзолари томонидан сайланади, Хачатурян номзоди эса ҳукмрон «Фуқаролик шартномаси» партияси томонидан кўрсатилган.

1 февраль куни Арманистон парламенти аввалроқ мамлакат президенти лавозимини тарк этган Армен Саркисяннинг ваколатларини расман тугатди. Бунгача Саркисян ўз фикрини ўзгартириш учун расмий имкониятга эга эди, бироқ у бундан фойдаланмади. Эндиликда парламент спикери ва Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг энг яқин сафдошларидан бири Ален Симонян муваққат президент бўлиб турибди. Симонян ҳатто Хитой раҳбари Си Цзинпинга телеграмма жўнатишга ҳам муваффақ бўлди. Хатда Хитой давлат раҳбарини мамлакат Янги йили билан табриклади.