«Одамларимиз ҳатто ҳовлиси атрофини тозалашдан эринадиган бўлиб қолган». Мирзиёев ҳудудлардаги экологик ҳолат ҳақида

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда йиллик ҳосил бўлаётган маиший чиқиндилар миқдори 7 миллион тоннага етганини маълум қилди. Давлат раҳбари 2022 йилда маиший чиқинди тўплаш қамровини 95 фоизга, қайта ишлаш ҳажмини 40 фоизга етказиш вазифасини қўйди. «Одамларимиз ҳатто эшиги ва ҳовлиси атрофини тозалашдан, дарахт, гул, кўчат экиб, саранжом-саришта қилиб қўйишдан эринадиган бўлиб қолди», — деди у.

7 февралдан ОТМ, коллеж, лицей ва мактабларда таълим анъанавий шаклга ўтказилади

7 февралдан бошлаб умумтаълим мактаблари, профессионал, касб-ҳунар таълим ва олий таълим муассасалари, академик лицейлар ҳамда нодавлат таълим ташкилотларида ўқув жараёни анъанавий шаклга ўтказилади.

«Ҳеч бир ўқувчи ва талаба чиптасиз қолмайди» — ССВ

Транспорт вазирлиги, Олий таълим вазирлиги, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ҳамжа ҳокимликлар авиа ва поезд чипталари харид қилинишини тартибли равишда талабалар ва уларнинг ота-оналари учун ташкил этади ва доимий ишлайдиган Штаблар фаолиятини йўлга қўяди. «Ҳеч бир ўқувчи ва талаба чиптасиз қолмайди», — дейилади ССВ хабарида.

Ковид карантини муддати 14 кундан 7 кунгача қисқартирилди

Республика махсус комиссияси хориж тажрибасидан келиб чиқиб, коронавирус юқтириб олган беморлар билан мулоқотда бўлган шахсларнинг карантин ўташ муддатини 14 кундан 7 кунгача қисқартирди.

Оҳангаронда 30 гектар майдонда маиший чиқинди полигони ташкил этилади

Президент видеоселекторда Оҳангарон туманининг 30 гектар майдонида 17 млн долларлик маиший чиқинди полигони қурилишини маълум қилди. Қолаверса, у ресурсини ўтаб бўлган 24 та чиқинди полигонини кўмишни буюрди. Бундан ташқари, полигонлар ташкил этиш ва уларни ёпишни тартибга солувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурлиги айтилди.

Музаффар Комилов президент маслаҳатчиси этиб тайинланди

Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов президентнинг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. У Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори лавозимида ишлашда давом этади.

Дин ишлари бўйича қўмита раисига биринчи ўринбосар тайинланди

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Давронбек Махсудов Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. У мазкур лавозимда президентга маслаҳатчи бўлиб кетган Музаффар Комиловнинг ўрнини эгаллади.

Ўзбекистондан $1,6 млнни ноқонуний олиб чиқмоқчи бўлган 6 нафар қирғизистонлик ушлангани айтилмоқда

ДХХ томонидан Наманган ва Андижонда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида Ўзбекистондан 1,6 млн долларни ноқонуний олиб чиқиб кетмоқчи бўлган 8 нафар шахс қўлга олинди. Уларнинг 2 нафари ўзбекистонлик, гуруҳ етакчиси ва аъзолари деб гумон қилинаётган 6 нафари эса қирғизистонлик эканлиги айтилмоқда. Уларга нисбатан жиноят иши очилди.

Асака тумани ҳокимлиги масъул ходими $8 минг пора билан қўлга тушди

Асака туман ҳокимлиги масъул ходими иссиқхона қуриш учун 30 сотих ер майдони ажратиб бериш эвазига фуқародан 15 минг доллар сўрагани айтилмоқда. У шундан 8 минг долларни олаётган вақтида ушланган. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Паркент тумани ҳокимлиги археология ёдгорлигини тадбиркорга сотиб юборгани аниқланди

2018 йилда Паркент тумани ҳокимлиги «Тепа (Култепа)» археология ёдгорлигига тегишли 2 гектар ерни тадбиркорга хом ғишт ишлаб чиқариш учун аукцион орқали сотиб юборган. 2020 йилда эса тадбиркор ушбу ерни бошқа бир жамиятга сотиб юборган. Хом ғишт ишлаб чиқариш учун эса ёдгорлик ҳудудидан тупроқ қазиб олинган. Антикоррупция агентлиги бунинг натижасида тадбиркор маданий мерос объектига 1,5 трлн сўмлик моддий зарар етказганини аниқлади.

Қиш ва баҳор ойлари учун қарийб 627 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захираси яратилган

Ўзбекистонда қиш ва баҳор ойларида аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун қарийб 627 минг тонналик захира яратилган. Шундан 294 минг тонна картошка, 86,8 минг тонна пиёз, 163,6 минг тонна сабзи ва 82,1 минг тонна гуруч жамғарилди, дея маълум қилди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.

Антикоррупция агентлиги қурилиш соҳасида жами 33,69 млрд сўмлик давлат харидларида қонунбузилишларни аниқлади

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги январь ойида ўтказган ўрганишларида еттита давлат ташкилотида жами 33,69 млрд сўмлик давлат харидларида қонунга зид ҳаракатлар аниқланган. Ушбу ҳолатлар бўйича давлат харидларини бекор қилиш ҳақида буюртмачиларга тақдимномалар ва Бош прокуратурага сўровномалар киритилган.

«Ўзметкомбинат» омборини Golden House компанияси 74 млрд сўмга харид қилди

«Ўзметкомбинат» темир сақлаш ва юклаш омбори савдоларида Golden House Development компанияси ғолиб бўлди. Компания омбор учун 74 млрд сўм таклиф қилган. Омборнинг янги эгаси ҳудудда маиший хизмат, спорт ва ижтимоий хизматлар, кўнгилочар ва дам олиш марказлари, турар-жой мажмуалари ташкил этиши кўзда тутилган.

USAID Ўзбекистонда ёшлар бандлигини таъминлаш учун 10 млн долларлик дастурни ишга туширди

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги Ўзбекистонда ёшлар бандлиги ва тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича беш йиллик дастурни ишга туширди. Бюджети 10 млн доллар бўлган дастур халқаро таълим бўйича Америка кенгашлари ҳамда Халқ таълим вазирлиги томонидан халқаро ва маҳаллий экспертларни жалб қилган ҳолда амалга оширилмоқда.

Россиялик ишлаб чиқарувчи Ўзбекистонда инсулин тайёрлашни маҳаллийлаштиради

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Россиянинг «Герофарм» биотехнология компанияси Ўзбекистонда инсулин ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳасини ишга тушириш тўғрисида битимни имзолади.

Япония ҳукумати Фарғона водийси қишлоқ хўжалигининг иқлим ўзгаришига мослашуви учун қарийб 1 млн доллар ажратди

БМТ Тараққиёт Дастури Фарғона водийсида қишлоқ хўжалигининг иқлим ўзгаришига мослашуви учун агрометеорологик станциялар тармоғини кенгайтириш бўйича лойиҳани амалга оширади. Япония ҳукумати ушбу мақсадларга қарийб 1 млн доллар ажратди.

11 млрд сўмлик харид чеклари учун ҳисобланган кешбэк суммаси бекор қилинди — ДСҚ

Давлат солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, айрим техник хизмат кўрсатиш маркази ходимлари бошқаларга тегишли бўлган 15,9 мингта харид чекларини Soliq иловасида ўз номига рўйхатдан ўтказган. 11 млрд сўмлик ушбу чеклар бўйича ҳисобланган кешбэк суммаси бекор қилинди.

Солиқ юки пасайтирилиши, реновация, инвестициялар — Тараққиёт стратегияси: Иқтисодиёт

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни 2026 йилгача ривожлантириш стратегиясини тасдиқлади. Стратегия йўналишларидан бири солиқ юкини ЯИМга нисбатан 25%гача камайтириш, 120 млрд доллар ҳажмидаги инвестицияларни жалб этиш, аҳолини кўчиришнинг умумий схемасини ишлаб чиқиш, эскирган уй-жойлар ўрнида реконструкция асосида замонавий массивларни барпо этиш ва 275 минг оилани кўчириш, 2023 йилга қадар инфляцияни 5%гача камайтириш ва бошқа кўплаб мақсадларни назарда тутади.

«Адолат» партияси TikTok тармоғини бутунлай блоклашни таклиф қилмоқда

«Адолат» СДП Ўзбекистонда TikTok тармоғини бутунлай блоклашни таклиф қилди. Партия буни тармоқдаги видеолар орасида ўзгалар ҳаётига дахл қилувчи номақбул кадрлар кўпаяётганлиги билан изоҳлаган.

Иккиламчи бозордан уй сотиб олиш учун ажратилган ипотека кредитларини қайта молиялаштириш давом эттирилади

2022 йилнинг биринчи чорагида тижорат банклари томонидан ажратилган ипотека кредитлари 42 млн доллар миқдорида Молия вазирлиги маблағлари ҳисобидан қайта молиялаштирилади. «Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси» АЖ ўз фаолиятини тиклаб, иккиламчи бозордан уй-жой сотиб олиш учун ипотека кредитларини қайта молиялаштиришни давом эттиради.

Қурилиш учун пудратчиларни аниқлаш тендер орқали амалга оширилади

Ҳукумат қарори билан БҲМнинг 6000 бараваридан (1 млрд 620 млн сўм) ортиқ бўлган қурилиш ишларига пудратчи ташкилотларни аниқлаш электрон тендер орқали амалга оширилади. Қолаверса, БҲМнинг 200 000 бараваригача (54 млрд сўм) бўлган лойиҳалар учун танловларда эса фақат қурилиш амалга ошириладиган ҳудудда рўйхатдан ўтган ташкилотларгина қатнаша олади.

Uzbekistan Airways Express багаж нормасини 23 кг гача оширди

1 февралдан Uzbekistan Airways Express «тўлиқ эконом» форматидаги қатновларда багаж нормасини 15 кгдан 23 кг гача оширди. Қўл юки нормаси ва багаж параметрлари ўзгаришсиз қолган.

Ўзбекистонда ОИТС билан касалланганлар сони 45 мингга етгани маълум қилинди

Ўзбекистонда ОИТСни (СПИД) юқтириб олганларнинг умумий сони 45 мингни ташкил қилди, шундан 55 фоизи эркаклар ва 45 фоизи аёллардан иборат. Касалликка чалинганларнинг 14 фоизи эса 18 ёшга тўлмаган болаларга тўғри келмоқда. Касалланиш кўрсаткичи энг юқори ҳудуд эса Тошкент шаҳри ҳисобланади. Шифокорлар ОИТС юқиши эҳтимоли юқори ҳолатлар ва уни олдини олиш чоралари ҳақида маълумот берди.

Ҳафта охирларида шамол тезлиги 28 м/с гача кучайиши кутилмоқда

Ўзгидромет 4−6 февраль кунлари Ўзбекистоннинг баъзи жойларда шамол кучайиши ва чанг-тўзон кузатилиши мумкинлигини маълум қилди. Шамол тезлиги 18−23 м/с гача кучаяди, айрим жойларда эса 25−28 м/с гача бўлиши кутилмоқда. 6 февраль куни республиканинг барча ҳудудларида ёмғир ёғади.

«Газета.uz»да чиққан мақолалар

Вакциналар ҳомилага ҳеч қандай ножўя таъсир кўрсатмайди — СЭС бўлим бошлиғи

«Газета.uz»га коронавирусга қарши ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси билан эмланган ҳомиладор аёл мурожаат қилиб, вакцинанинг ҳомилага таъсири тўғрисида ишончли маълумот сўради. Вирусология институти шифокори Жалолиддин Тўйчиевнинг таҳририятга маълум қилишича, шу вақтгача ҳомиладор аёллар ва туғилган болаларда вакцинанинг салбий таъсири кузатилмаган. СЭС вакциналар бўлими бошлиғи Дилорам Турсунова эса ЖССТ вакцина олганлик сабабли ҳомиладорликни тўхтатишни тавсия этмаслигини эслатди.

«Ўзимни фойдали ҳис қиламан». Тоғ инструктори Иван Золотухин — ҳаёт ва иш ҳақида

Ҳудудлардаги аҳоли кўпинча фаровон ҳаёт излаб пойтахтга кўчиб ўтади. Когонлик Иван Золотухин, тенденциялардан фарқли ўлароқ, ташландиқ Янгиобод шаҳри яқинидаги тоғларга кўчиб ўтди. У «Газета.uz»га тоғ инструкторлиги фаолияти, ҳақиқий дўстлик ва янги уйида орттирган бебаҳо хотиржамлик ҳақида сўзлаб берди.

Ўқитувчиларнинг камбағаллашиб бориши ва унинг оқибатлари ҳақида

Сўнгги йилларда ўқитувчиларнинг ойлик маошлари бошқа соҳа вакилларининг ойлигига нисбатан секинроқ ўсган, натижада таълим соҳаси вакиллари жамиятнинг бошқа вакилларига нисбатан камбағаллашган. «Газета.uz» колумнисти, иқтисодчи Миркомил Холбоев ўқитувчиларнинг реал даромадлари қандай камайиб борганлиги ва бунинг оқибатлари ҳақида.

«Жуда қийин бўлган эди». Тоғ чанғичиси Комилжон Тўхтаев — 2022 йилги Олимпиада йўлланмасини олгани ҳақида

Тоғ чанғиси бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Комилжон Тўхтаев Пекинда бўлиб ўтадиган қишки Олимпия ўйинларида иштирок этадиган ягона ўзбекистонлик спортчи ҳисобланади. «Газета.uz» ундан чанғичиларнинг Ўзбекистон ва хорижда қандай тайёргарлик кўраётгани, ғалаба қозониш имкониятлари ва мамлакатда ушбу спорт турини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар ҳақида сўради.

Депутатлар ҳокимларнинг манфаатлар тўқнашувига шароит яратувчи яна бир қонунни маъқуллади

1 февраль куни Қонунчилик палатаси депутатлари ҳокимларнинг манфаатлар тўқнашувига шароит яратиб берувчи яна бир қонунни маъқуллади. Гап ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиби ҳақида кетмоқда. Депутат Дониёр Ғаниев ҳоким компенсация ажратишни кўриб чиқиш масаласини ўзига-ўзи киритиши ва уни яна ўзи ҳал қилишини танқид қилди. Қуйи палата спикери эса ҳокимларнинг халқ депутатлар кенгаши раиси мақоми бекор қилинсагина, бу муаммо бартараф этилишини айтди. «Унгача шу, бошқа илож йўқ», — деди Нурдинжон Исмоилов.